Ўзбекистон ҳудудидаги тоғ-конларда олиб борилган геологик қидирувлар натижасида 1 тонна тупроқда 1 граммдан 4,22 граммгача олтин борлиги аниқланди. Бу ҳақда УзА хабар бермоқда.
Таъкидланишича, «Ўзбек геология қидирув» компанияси таркибидаги 10 та экспедиция, битта марказий лаборатория ва марказий ишлаб чиқариш базасида бир қанча лойиҳалар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, «Ҳисор» дала геология қидирув экспедицияси Ўзбекистон тоғ-кон ва Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудларини ўз ичига олган ҳудудларда қаттиқ норуда фойдали қазилмаларини ва қора металларга комплекс геология қидирув ишларини олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, экспедиция фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида «Ҳисор» дала геология қидирув экспедицияси бош геологи Маҳмадиёр Шодиқулов бошчилигида «Яхтон» участкаси фаолияти ўрганилган.
«Яхтон» конининг чуқур горизонтларида 2019 йил геологик қазиш ишлари бошланган. Ҳозирда 10 дан зиёд махсус техникалар ёрдамида 40 дан ортиқ мутахассислар белгиланган режага мувофиқ ерости тоғ лаҳм ўтиш ишларини олиб бормоқда, — дейди Маҳмадиёр Шодиқулов.
«Яхтон» конининг чуқур горизонтларида магматик тоғ жинслари билан боғлиқ минераллашган зоналарда олтин ва волфрам қидирув ишлари олиб борилмоқда.
Олиб борилган геологик қидирув ишлари натижасида 1 тонна тупроқда 1 граммдан 4,22 граммгача олтин, қалинлиги 11 метргача бўлган 20 дан ортиқ олтин маъдан таналари аниқланди. Ҳозирги кунда уларнинг давомийлиги ўрганилмоқда.
Изоҳ (0)