Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Кремль 25 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин Украинадаги махсус операцияда қатнашган «ҳарбий хизматчиларнинг оналари билан учрашгани» ҳақида хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

Ўз нутқининг аввалида Путин уларнинг баҳолари, фикрлари, ғоялари, таклифларини эшитиш учун «ҳарбий хизматчиларнинг оналари билан суҳбатлашишга қарор қилгани»ни айтди. Улар айтган нарсаларнинг барчаси ҳисобга олиниб, ҳаётга татбиқ этилишига эришишга ҳаракат қилишини таъкидлади.

Президент матбуот хизмати тарқатган видеотасвирларда учрашувга 18 нафар аёл келганини кўриш мумкин. «Можем обяснит» нашри даъво қилишича, учрашувнинг баъзи аъзолари кимлигини аниқлаган. Улар орасида москвалик мансабдор, «Ягона Россия» партияси депутати Олга Белсева, «Умумроссия халқ фронти»нинг Подмосковедаги ижроия қўмитаси раҳбари Юлия Белехова ва Орехово-Зуево Жамоатчилик палатаси аъзоси Марина Мигунова бўлган. Нашр маълумотларига кўра, Путинга энг яқин ўтирган аёл режиссёр Олеся Шигина бўлиб, у ватанпарварлик руҳидаги кинолар ишлайди.

Учрашувда қатнашганларнинг барчасининг фарзандлари Украина жанг қилаётгани аниқ эмас. Доғистонлик Суна Набиева Путин билан учрашувда унинг ўғли Энвер Қозон олий танк билим юртини тугатиб, Бурятияда хизмат қилганини ва Украинадаги урушнинг илк кунлариданоқ жанговар ҳаракатларда қатнашаётганини айтди. Яна бир аёл 2014 йилда «кўнгиллилар қўшинига бориб қўшилган» ўғли Константин Пшеничкин ҳалок бўлгани ҳақида гапириб берди.

Владимир Путин уруш қатнашчиларининг оналари билан учрашув ўтказиши ҳақида бир неча кун аввал, 22 ноябрь куни маълум бўлди. Сафарбар этилганлар ва муддатли ҳарбий хизматчиларнинг қариндошларини бирлаштирувчи «Оналар ва рафиқалар кенгаши» жамоатчилик ҳаракати иштирокчилари улардан ҳеч ким учрашувга таклиф этилмагани учун президент маъмуриятини танқид қилди. Кенгаш ташкилотчиси Олга Суканова тадбирга Кремль «измидаги оналар» келишини тахмин қилганди.

Эслатиб ўтамиз, учрашув Путиннинг Ново-Огарёводаги қароргоҳида бўлиб ўтган. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков президент ва ҳарбий хизматчиларнинг оналари ўртасида эркин суҳбат ўтказилишини айтган.

«Шуни билишингизни истардимки, шахсан мен ва бутун мамлакат раҳбарияти сизнинг дардингизга шерикмиз. Фарзандидан айрилишни ҳеч қайси ота-она кўтара олмайди. Россия ҳукумати ҳалок бўлган аскарларнинг оналари ўзларини унутилгандай ҳис қилмасликлари учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилади. Ҳеч нарса йўқотилган ўғилнинг ўрнини босолмайди», — деди Путин.

Шунингдек, Россия раҳбари уруш майдонидаги ҳарбийларга шахсан ўзи қўнғироқ қилгани ва уларнинг муаммолари билан қизиққанини таъкидлаб, уларни қаҳрамонлар деб атаган.

 

Мавзуга доирПутин урушга сафарбар қилинганларнинг оиласи билан учрашади

 

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Британия ҳукумати “Вагнер”ни террорчи ташкилот деб эълон қилмоқчи — The Telegraph
Дунё
АҚШда хавфли моддаларни олиб кетаётган юк поезди релсдан чиқиб кетди (видео)
Маҳаллий
Ўзбекистонда келаётган ҳафта бошида қандай об-ҳаво бўлади?