Хитой мудофаа вазири Вей Фенхе Пентагон раҳбари Ллойд Остин билан Украинадаги ҳарбий амалиёт ва Тайван атрофидаги вазиятни муҳокама қилди, деб хабар бермоқда Хитой Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
«Томонлар халқаро ва минтақавий вазият, Украинадаги инқироз, Жанубий Хитой денгизи ва Корея ярим ороли муаммоси юзасидан фикр алмашди», — дейилади муассаса хабарида. Пентагон матбуот хизмати эса АҚШ ҳам, Хитой ҳам ядро қуролидан фойдаланиш ёки ундан фойдаланиш билан таҳдид қилишни қоралагани ҳақида хабар берди.
Ллойд Остин ва Вей Фенхе, шунингдек, АҚШ ва Хитой ўртасидаги икки томонлама муносабатларни муҳокама қилди. Пекин бунда Тайванни асосий мавзу деб атаган.
«Хитой мудофаа вазири Вей Фенхе Тайван масаласи Хитойнинг асосий манфаатларининг ўзаги ва Хитой—АҚШ муносабатларидаги қизил чизиқ эканини таъкидлади. Тайван бу — Хитой, Тайван масаласини ҳал қилиш Хитой халқининг шахсий иши ва ҳеч қандай ташқи куч бунга аралашишга ҳақли эмас», — дейилади Хитой Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Ўз навбатида, Остин АҚШнинг «Ягона Хитой» сиёсатига содиқлигини таъкидлади. «У (Ллойд Остин) статус-кводаги бир томонлама ўзгаришларни рад этишини таъкидлади ва ХХРни Тайванга қарши янада беқарорлаштирувчи ҳаракатлардан тийилишга чақирди», — дейилади Пентагон сайти баёнотида.
Август ойида Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифидан кейин Пекин ва Вашингтон муносабатлари ёмонлашган эди. Хитой унинг келишини давлатнинг ички ишларига аралашиш деб ҳисоблади: Пекин Тайван мустақиллигини тан олмайди ва оролни ўз ҳудудининг бир қисми деб билади.
Хитой етакчиси Си Цзиньпин G20 саммитида АҚШ президенти Жо Байден билан икки томонлама учрашувда Тайван масаласини Хитой—АҚШ муносабатларидаги асосий қизил чизиқ деб атаган.
Изоҳ (0)