АҚШ Молия вазирлиги Россия Украинага қарши урушда фойдаланаётган дронларни ишлаб чиқариш ва ташиш учун масъул Эрон компанияларига нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда АҚШ молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, дронларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Shahed Aviation Industries, шунингдек, уларни Россияга етказиб беришга алоқадор Success Aviation Services FZC ва Jet Global DMCC компаниялари АҚШ санкциялари остига тушган.
Бундан ташқари 2 нафар жисмоний шахсга нисбатан ҳам санкциялар жорий этилган. Америка маълумотларига кўра, улар «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясини Эрон дронлари билан таъминлаган.
«АҚШ Россиянинг Украинага асоссиз босқинини қўллаб-қувватлаган шахслар ва компанияларга нисбатан санкциялар қўллашга қарор қилганини бир неча бор исботлаганмиз. Бугунги чора-тадбирлар Россияга Украинанинг тинч аҳолисига қарши Эрон дронларини қўллашга имкон берганларни жавобгарликка тортишни мақсад қилган», — деди молия вазири Жанет Еллен.
Россия Украинадаги урушда Эронда ишлаб чиқарилган Shahed-131 ва Shahed-136 дронларидан фойдаланмоқда, Россия Қуролли кучлари уларнинг номини «Геран-1» ва «Геран-2» деб ўзгартириб олган. Россия расмийлари дронларнинг Эрондан олиб келинишини тан олмаяпти.
Ноябрь ойи бошида Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Абдуллоҳиан Россияга бир қанча дронлар юборилганини тасдиқлаб, бу уруш бошланишидан бир неча ой олдин содир бўлганини айтди.
Октябрь ойи ўрталарида Европа Иттифоқи Shahed Aviation Industries’га қарши санкциялар жорий қилиб, компания «Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи ёки таҳдид солувчи ҳаракатларни моддий қўллаб-қувватлашга жавобгар эканини» маълум қилганди.
Аввалроқ АҚШ Safiran Airport Services компаниясига нисбатан санкциялар жорий этган эди, АҚШ расмийларига кўра, бу Россияга Эрон дронларининг етказиб берилиши билан боғлиқ.
Изоҳ (0)