Россия Мудофаа вазирлиги 15 ноябрь куни Украинанинг ҳарбий қўмондонлик ва бошқарув тизимига ҳамда тегишли энергетика объектларига аниқ бошқариладиган қуроллар билан зарба берди, деб тасдиқлади вазирлик матбуот котиби Игорь Конашенков 16 ноябрь кунги брифингда.
Конашенковнинг сўзларига кўра, барча ракеталар кўзланган нишонларга тегган. Зарбалар фақат Украина ҳудудидаги нишонларга ва Украина—Польша чегарасидан 35 километрдан кам бўлмаган узоқликдаги ҳудудларга берилган.
Шу билан бирга, Мудофаа вазирлиги вакили 15 ноябрь куни Россия ҳарбийлари Киевга ракета ҳужумлари уюштирганини рад этмоқда.
Киев режими томонидан намойиш қилинган Украина пойтахтидаги турар жойлар вайроналарининг барчаси Украина қўшинлари томонидан Киев ичида жойлашган украин ва хорижий ҳаво мудофаа тизимларидан отилган зенит-ракеталарнинг қулаши ва ўз-ўзини йўқ қилиши оқибатида бевосита юзага келган, — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган «Звезда» телеканали.Шунингдек, Конашенков Польшага қулаган ракеталар Украина ҳарбийларига тегишли С-300 тизимлари эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, воқеа жойидан олинган суратни текшираётиб россиялик экспертлар шундай хулосага келган.
15 ноябрь куни кечқурун Пшеводов қишлоғидан топилган самолёт қолдиқларининг фотосуратларидан Россия ҳарбий-саноат комплекси мутахассислари бу Украина ҳарбий-ҳаво кучларининг С-300 ҳаво мудофаа тизими зенит ракетаси қолдиқлари эканини аниқлади, — дед у.Украина расмийлари 15 ноябрь кунги ракета ҳужумларини уруш бошланганидан бери мамлакат энергетика секторига берилган энг катта зарба деб атади. Кун давомида 15 та энергетика инфратузилмаси объекти шикастланган, етти миллиондан ортиқ абонент электр таъминотисиз қолган. Украина Қуролли кучлари Россия ҳарбийлари Украинадаги нишонларни жами юзга яқин ракета билан ўққа тутганини маълум қилди. Киев мери Виталий Кличко Россиянинг ҳужумлари оқибатида шаҳардаги учта турар жой биносига зарар етганини маълум қилди. Маҳаллий аҳолидан бири ҳам ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Ўша куни кечқурун Польшанинг Radio Zet радиоси Украина билан чегарадан 8 км узоқликда, Люблинск вилоятидаги Пшеводов қишлоғида жойлашган дон қуритиш иншоотида портлаш юз бериб, оқибатда икки киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Хабарларга кўра, Польшага 2 та ракета тушган.
Бир қатор мамлакатлар, жумладан Украина ҳукумати ҳодисада Россияни айбламоқда. Польша президенти Анжей Дуда Варшавада ракеталарни ким учиргани ҳақида маълумот йўқлигини таъкидлади.
Пентагон матбуот котиби Пет Райдер журналистларга ракеталарнинг кимга тегишли эканини ҳали тасдиқлай олмаслигини айтган. АҚШ президенти Жо Байден ҳам уларнинг Россиядан учирилгани ҳозирча рад этилаётгани ҳақида гапирди.
Изоҳ (0)