Қозоғистон барча давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлайди ва ушбу тамойилга устувор аҳамият беради. Бу ҳақда мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Самарқандда ўтказилаётган Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарлари саммитида айтиб ўтди.
«Қозоғистон барча давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлайди, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига қатъий риоя этиш зарур деб ҳисоблайди», — деди Тўқаев.26 сентябрь куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров Украинанинг Запорожье ва Херсон вилоятлари ҳамда Донбасс ҳудудларини Россия Федерациясига қўшиб олиниши масаласида Қозоғистон мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлиги тамойилларидан келиб чиқиб муносабат билдиришини айтганди. 30 сентябрь куни Владимир Путин ушбу ҳудудларни Россия таркибига киритиш тўғрисидаги фармонни имзолаган.
Июнь ойида эса Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Тўқаев Путиннинг ёнида Донецк ва Луганск халқ республикаларини (Донбасс) квази-давлат (маълум бир минтақага даъвогарлик қиладиган ва у ерда қандайдир ҳудудий назоратни амалга оширадиган, лекин давлатчиликнинг баъзи мезонларига эга бўлмаган жангари сепаратистик гуруҳ) ҳудудлари деб атаган ва Қозоғистон уларнинг мустақиллигини тан олмаслигини айтган.
Октябрь ойи бошида Қозоғистон БМТ Бош Ассамблеясининг Донецк ва Луганск халқ республикалари, шунингдек, Херсон ва Запорожье вилоятларини Россия таркибига қўшиш бўйича референдумларни қораловчи резолюциясига овоз беришда бетараф қолди.
Бугун, 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг саммити бўлиб ўтмоқда. Ташкилот таркибига Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон киради.