АҚШда мансабдор шахслар орасида Россия билан ярашув битимини тузиши учун Украинага босим ўтказиш масаласида зиддиятлар мавжуд, деб ёзади The New York Times ўз манбаларига таяниб.
Нашр маълумотларига кўра, АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари генерал Марк Милли Киев қишга қадар эришиши кутилган нарсаларни қўлга киритганини, шунинг учун энди бу муваффақиятларни дипломатик йўл билан мустаҳкамлаши кераклигини айтмоқда. NYT суҳбатдошлари аниқлик киритишича, генерал «Москвага совға» беришга даъват этаётгани йўқ: унинг таклифининг моҳияти сиёсий ечим устида иш бошлашдан иборат, чунки вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга яқин келажакда эришиб бўлмаслиги мумкин.
Қолган амалдорлар Миллининг хулосаларига қўшилмади, улар жанговар ҳаракатларда танаффус қилиш Россияга ўз қўшинларини қайта тузиш имкониятини беришини, томонлардан ҳеч бири эса музокараларга тайёр эмаслигини айтмоқда. Низо охир-оқибат айнан мулоқот орқали тартибга солинишига ишонч бор, лекин унинг мавриди келгани йўқ, АҚШ эса Украинага босим ўтказмаслиги керак, деган фикрда бошқа мансабдорлар.
АҚШ президенти Жо Байден ва унинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ҳам шундай фикрда бўлиб, улар Россия президенти Владимир Путин ҳозирча мулоқотга шайлигини намойиш қилгани йўқ, украинлар эса жанг майдонида вазиятнинг ўзгаришидан руҳланди, деб ёзади NYT.
Агар АҚШ низонинг ҳозирги босқичида музокараларни талаб қилса, бу Путинга сигнал юбориб, Америка ҳукумати ишни унинг ўрнига битириб бериши учун жанговар ҳаракатларни бироз чўзиш керак, деган фикрни уйғотади, дея NYT манбалари Салливаннинг позициясини баён қилди.
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский ўзи учун Россия билан ярашув музокаралари имкониятини истисно қилмаётганини билдирганди. У 8 ноябрь куни Россия билан мулоқот бошлаш учун Украинанинг шартларини маълум қилганди. Улар эса Россияга қўшиб олинган ҳудудлар қайтарилган ҳолда Украина ҳудудий яхлитлигининг қайта тикланиши, БМТга ҳурмат, барча зарарларнинг қопланиши, ҳар битта ҳарбий жиноятчининг жазоланиши ва бу бошқа ҳеч қачон такрорланмаслигининг кафолатланишидан иборат эди.
Кейинроқ Зеленскийнинг Россия билан музокаралар учун шартлари ҳақидаги баёноти АҚШнинг «енгилгина турткиси» билан боғлиқ бўлгани ҳақида хабар берилди.
Ноябрь бошроғида Американинг The Washington Post газетаси АҚШ президенти маъмурияти Украина ҳукуматига мурожаат қилиб, Украинани қўллаб-қувватлаётган мамлакатлар аҳолисини хавотирга солмаслик учун Киев Москва билан музокараларга тайёрлигини оммага намойиш қилишни сўрагани ҳақида хабар берганди.