Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги Украинага қирғин қуроли етказиб берилиши имконсизлиги ҳақидаги позицияси ўзгаришсиз қолаётганини маълум қилди. Идоранинг баёнотини «Рёнхап» агентлиги келтириб ўтди. Унга мувофиқ, Америка томонига ўқ-дорилар етказиб бериш ҳақида музокаралар якуний истеъмолчи АҚШнинг ўзи бўлишидан келиб чиқади.
«Айни пайтда АҚШ захираларида 155 миллиметрли снарядлар етишмовчилигини қоплашга уринган ҳолда, Америка ва Жанубий Корея ташкилотлари ўртасида маслаҳатлашувлар бўлиб ўтмоқда, — дейилади вазирлик хабарида. — Ҳукуматнинг Украинага қирғин қуроли сотмаслик позициясида ўзгаришлар йўқ».
Аввалроқ The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб, Сеул ва Вашингтон ўртасидаги махфий қурол-яроғ битими доирасида АҚШ биринчи марта Жанубий Кореядан Украина Қуролли кучлари учун мўлжалланган артиллерия снарядларини сотиб олиши ҳақида хабар берганди.
Келишув Сеулга Украинага ҳалок қилувчи қурол етказиб бермаслик бўйича ўз мажбуриятини бузмасликка имкон беради, Вашингтон эса ўз снарядлари захирасини йўқотмайди, деб ёзган газета.
Октябрь охирроғида Россия президенти Владимир Путин Сеулнинг Украинага қурол-яроғ ва ўқ-дорилар етказиб бериш қарори Россия ва Корея Республикаси ўртасидаги муносабатларга путур етказиши мумкинлигини айтганди. Бунга жавобан Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл мамлакат ҳеч қачон Украинага қирғин қуролини тақдим этмаганини айтди.