Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Киевнинг ядро дастурини қайта бошлаш ҳақидаги таҳдидлари Россия ҳарбий операцияси бошланиши учун сабаблардан бири бўлган, деб ёзди Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев «ВКонтакте»да.

Фото: «РИА Новости»

Фото: «РИА Новости»

Унинг сўзларига кўра, «нотўлиқ мамлакатнинг нотавон қўғирчоқлари» 1994 йилда АҚШ, Буюк Британия, Россия ва Украина томонидан имзоланган Будапешт меморандуми доирасида хавфсизлик кафолатлари эвазига ядро қуролидан воз кечгани учун энди «аччиқ кўз ёши тўкмоқда». Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Украина ўз ҳудудида жойлашган, ҳам ўзининг, ҳам СССР давридан қолган ядро қуролларини олиб чиқиш мажбуриятини олган.

«Яна, Украина етакчилари уларни бизга ва ўз фуқароларига қарши иблисона мамнуният билан қўллаган бўлишини айтганди. Ядро дастурини қайтадан бошлаш ҳақида таҳдид қилиб, бунга аниқ ишора қилди, ва бу махсус ҳарбий операция ўтказиш учун аҳамиятли сабаблардан бирига айланди», — деди Медведев.

Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари таъкидлашича, Украинанинг барча президентлари, Кравчукдан тортиб, Зеленскийгача, бу мажбурий қадам бўлганини айтиб келган. Бироқ аслида бундай кучли қуролни сақлаб туриш учун шунчаки Украинанинг пули етмаган бўларди.

Россия президенти Владимир Путин 24 февраль куни Украинада ҳарбий операция бошланиши ҳақида эълон қилаётиб, Россия «замонавий Украина ҳудудидан келаётган доимий таҳдидлар фонида ўзини хавфсиз ҳис қилиши, ривожланиши мумкин эмаслигини» айтганди, «Россиянинг бу кучлар билан тўқнашиши муқаррар» деган эди у. Ўшанда Путин жанговар ҳаракатлар мақсади сифатида « саккиз йил мобайнида Киев режими томонидан хўрланиб, геноцидга дучор бўлаётган одамларни ҳимоя қилиш» ҳамда қўшни мамлакатни «демилитаризация ва денацификация қилиш»га интилиш эканини айтганди.

Украина президенти Владимир Зеленский 2022 йил 19 февраль куни Мюнхен хавфсизлик конференциясида Украина 1994 йилда хавфсизлик кафолатлари эвазига ядро қуролидан воз кечганини эслатганди. У, агар Киев амалий кафолатларни қўлга киритмаса, Будапешт меморандумидаги иштирокини қайта кўриб чиқиш билан таҳдид қилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ҳуқуқ фаоли Нукус воқеаларида гумонланаётганлар қийноққа солинмаганини айтмоқда
Дунё
«Дарё» кундалигида 30 ноябрда содир бўлган энг муҳим воқеалар
Маҳаллий
Контрабанда сигареталар кўпроқ қайси вилоятлар чегараларидан олиб ўтилмоқда? Божхоначи жавоб берди