Глобал рақамли оператор Veon ўзининг Россиядаги бизнеси — Beeline бренди остида хизматлар кўрсатувчи VimpelCom алоқа операторини сотишга қарор қилди. Бу ҳақда Forbes хабар бермоқда.
Компаниянинг Россиядаги бизнеси биринчи чоракда деярли 450 миллион долларга қадрсизланган.
Forbes маълумотларига кўра, VimpelCom’нинг янги эгалари унинг топ-менежерлари бўлиши мумкин, компаниянинг ўзи эса қайта қуришни кутмоқда.
Таъкидланишича, Veon раҳбарияти ҳозирда барча манфаатдор томонлар ва унинг Россиядаги операциялари, акциядорлари, кредиторлари, мижозлари, Россия ҳудудидаги ҳамда ундан ташқаридаги ходимлари учун мумкин бўлган энг яхши натижани таъминлаш имкониятларини ўрганмоқда.
Бош қароргоҳи Амстердамда жойлашган Veon глобал рақамли оператори етти бозорда 200 миллиондан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатади.
Veon Nasdaq ва Euronext рўйхатига киритилган. Холдингнинг энг йирик акциядори Россиялик миллиардерлар Михаил Фридман ва Петр Авеннинг Алфа гуруҳи таркибига кирувчи LetterOne ҳисобланади.
Компания 10 та давлатда (Ўзбекистон, Россия, Покистон, Жазоир, Украина, Бангладеш, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва Грузия) телекоммуникация активларини назорат қилади.
Изоҳ (0)