Twitter’нинг янги эгаси, миллиардер Илон Маск ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини верификация белгиси учун пул тўлашга мажбурламоқчи. Бу ҳақда The Verge режалар ва ички ёзишмалардан хабардор манбаларга таяниб хабар бермоқда.
Аввалроқ Маскнинг ойлик верификация белгиси тўловини жорий этиш режалари ҳақида журналист Кейси Нютон ўзининг Platformer почта рўйхатида хабар берган эди.
Нашрнинг ёзишича, Маск 2021 йил июнь ойида тақдим этилган пуллик Twitter Blue обунасини қимматроқ версияга алмаштирмоқчи.
Twitter Blue фойдаланувчиларга твитларни таҳрирлаш каби эксклюзив функциялардан фойдаланиш имконини беради. Янги обуна ойига 19,99 доллар туради. Тасдиқланган фойдаланувчиларга обуна учун тўлашга 90 кун берилади.
Абонентлар верификация белгиларидан ташқари қўшимча функцияларни оладими ёки йўқми, ҳозирча номаълум.
Нашрнинг ёзишича, Маск янги функция устида ишлаётган дастурчиларга ультиматум қўйган: улар 7 ноябргача инновацияни чиқаришлари керак, акс ҳолда улар компаниядан бўшатилади.
Маълумотларга кўра, Илон Маск ҳозирча бу маълумотларга изоҳ бермаган.
Аввалроқ Илон Маск Twitter’нинг ишдан бўшатилган уч нафар раҳбарига салкам 200 миллион доллар тўлаши кераклиги ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)