Шавкат Мирзиёев қарори билан Асака, Фарғона, Пахтаобод, Нуробод ва Андижон туманлари ҳокимлари ишдан олинди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.
Таъкидланишича, ер муносабатларини тартибга солишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этмагани, фаолиятида йўл қўйган бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари учун Асака тумани ҳокими Мансур Алихонов ва Фарғона тумани ҳокими Шуҳрат Мўминов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Раҳбарлик этикаси қоидаларига риоя этмагани, хизмат ваколатидан четга чиқиб қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйгани учун Пахтаобод тумани ҳокими Элёр Усмонов, Нуробод тумани ҳокими Шерали Юлдашев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Давлат хизматчиси этикасига номуносиб хатти-ҳаракатлари, раҳбарлик маданиятини сақламагани, ўтказилган қабулларда фуқароларга ҳурматсизликка йўл қўйгани ва фаолиятидаги бошқа камчиликлари учун Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Изоҳ (0)