Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2022 йилнинг 19 сентябрь куни бўлиб ўтган ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари ҳақидаги видеоселекторда бир неча ҳокимлар иши танқид қилиниб, 14 нафари ишдан олинганди. Уларга уч ойлик муддат берилиб, хато камчиликларидан хулоса чиқаришлари кераклиги қўшимча қилинди. Шундан сўнг Самарқанд вилоятининг Ургут тумани ҳокими, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон ва Косонсой тумани ҳокимлари ОАВ орқали чиқиш қилиб, танқиддан қилинган хулосасини, шунингдек, уч ойлик синов муддатида қайси ишларни амалга ошириб, хатосини тузатмоқчи экани ҳақида ахборот берди.

«Дарё» мазкур масала юзасидан сўровини давом эттириб, президент танқидига дучор бўлган қашқадарёлик ҳокимлар — Касби, Қамаши, Шаҳрисабз ва Яккабоғ тумани раҳбарларига мурожаат қилди. Ва атиги 2 та савол берди. Мухбир ҳокимларга туризмни ривожлантириш борасидаги қайси камчилигим учун президент танқидига учрадим деб ўйлайсиз? Берилган уч ойлик муддатда нималар қилиб, давлат раҳбари ва туман аҳолиси ишончига эришаман деб режалаштиряпсиз?, — дея савол берди.

Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаев.

Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаев.
Фото: Яккабоғ тумани ҳокимлиги

Жамоатчиликка аввалига 311 миллион сўмга Captiva харид қилиши билан, сўнгра вилоятнинг собиқ ҳокими Зафар Рўзиевга «тош отиши» билан танилган Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаев «Дарё» мухбири билан телефон орқали қилинган дастлабки мулоқотида саволларни эшитди. Саволларни тинглаб бўлгач, ёнида меҳмонлари борлигини айтиб, бироздан сўнг қайтиб қўнғироқ қилишини билдирди. Лекин ваъда қилинган пайтда на қўнғироқ қилди ва на такрорий қўнғироқларга жавоб берди.

Ҳокимнинг матбуот котиби Шерзод Ҳасанов «Дарё» сўровига жавобан журналист сўрови ҳақида ҳокимга маълум қилганини, бироқ ҳоким бу сўровга тайинли жавоб бермаганини билдирди.

Ҳозир ҳоким билан шу масалада яна гаплашдим. Мазкур масала юзасидан ҳоким фармойиши чиқарилиб, ишчи гуруҳ тузилар экан. Ва белгиланган муддатда режалаштирилган ишлар бажарилади», — дейди ҳоким ва ОАВ вакили ўртасида қолганини сезган ва сўровга тайинли жавоб беролмаганини пайқаган туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Ҳасанов.
«Дарё» мухбири билан мулоқот қилган Қамаши тумани ҳокими Ботир Тоғаев ҳам журналистни алдади.

Қамаши тумани ҳокими Ботир Тоғаев.

Қамаши тумани ҳокими Ботир Тоғаев.
Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги

Мулоқот давомида саволларни тинглаган ҳоким матбуот котиби орқали саволларни аввалроқ олганини айтиб, «бугун (20 сентябрь — «Дарё» изоҳи) кечки пайтгача ҳар иккала саволингизга ҳам ёзма жавоб берамиз», — деди. Бироқ саволларга ўша пайтнинг ўзида жавоб бермагани етмаганидек, шунчаки ваъда бериш, ёлғон гапириш билан кифояланди.

ОАВ вакилини алдаган ҳокимнинг матбуот котиби Нурбек Расулов ОАВ сўровининг тўрт кунлаб жавобсиз қолишини изоҳлар экан «Бу ерда сиз билмаган нарсалар ҳам бор, бунга вақт керак», деди. Аммо журналист билмайдиган маълумотни ошкор этмади.

2021 йил президент Шавкат Мирзиёев танқидига учраб, вилоятдаги сектор раҳбарлари кафиллигида зўрға лавозимида қолган Касби тумани ҳокими Тўхтамурод Мейлиев ОАВ вакили билан мулоқот қилишни ҳам истамади. Тўғрироғи, ОАВ вакили саволларидан қочди. Аввалига матбуот котиби Лазиз Темиров орқали, сўнгра Жамол исмли ёрдамчиси орқали саволларни тинглаган жаноб Мейлиев ОАВ сўровига беписанд муносабатда бўлиб, жавоб беришни ўзига эп кўрмади.

Касби тумани ҳокими Тўхтамурод Мейлиев.

Касби тумани ҳокими Тўхтамурод Мейлиев.
Фото: «Дарё»

Мазкур ҳолат ҳақида фикр билдирган АОКАнинг вилоят бошқармаси бошлиғи Усмон Нусуров Қамаши, Касби ва Яккабоғ ҳокимларининг ОАВ сўровига жавоб бермаслигини кутмаганини, мазкур ҳокимларнинг матбуот котиблари билан боғланиб, вазиятга аниқлик киритишини айтган бўлса, блогер Капитан Каримов ҳокимликларнинг матбуот котибларини бўш ишлаганликда айблади.

«Ҳокимлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилолмайдиган матбуот котиблар яхшиси жойини бўшатиб қўйгани маъқул», — дейди блогер Капитан Каримов.

Бу ерда ҳокимликларнинг матбуот котиблари жуда бўш ишлабди. Аслида «Дарё» уларга минбар берибди-ку. Журналистлар билан ишлаш кўникмасига эга матбуот котиби вазиятдан фойдаланиб, ҳоким хулосаси ва келажакда туманда туризм бўйича нима қилиниши кераклиги ҳақида батафсил маълумот бериб, ишини кўрсатиб олмайдими? Ахборот сиёсати бўйича ҳоким маслаҳатчиси мақомига эга инсон масъулиятни ҳам ҳис қилиши ва шу масъулиятига яраша ҳаракат қилиши ҳам керак-да. Лаллайиб ўтириш билан иш битмайди-ку. Матбуот котиб аслида ОАВ ва ҳоким ўртасидаги мулоқотчи эканини, журналист сўровига ўз вақтида жавоб берилиши кераклигини ҳатто ҳокимга ҳам тушунтира олиши керак», — дейди блогер Капитан Каримов.
Капитан Каримовнинг қўшимча қилишича, ОАВ вакиллари ва ҳокимликлар ўртасида мулоқотни таъминлай олмаётган матбуот котибларига АОКА тегишли чора ҳам кўриши керак.
Шундай пайтларда нега АОКА масъуллари жим турибди? Нега пайсалга солмоқда? Нега матбуот котибига дангал савол қўйиб, вазифасини бажармаганига изоҳ сўрамаяпти? Агар АОКА шунақа латтачайнарликда давом этса, биз ОАВга очиқ ҳокимлар борасида халқ кутган, президент кутган натижага эришолмаймиз», — дейди блогер.
«Дарё» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар