Август ойида Буюк Британияда йиллик инфляция июль ойидаги рекорд инфляциядан бир оз пастроқ бўлган 9,9 фоизни ташкил этди, аммо бу сўнгги 40 йилдаги энг юқори кўрсаткичларга жуда яқин. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.
Мамлакат миллий статистика хизматининг қайд этишича, август ойида инфляциянинг пасайишига энг катта ҳисса автомобиль ёқилғиси нархининг тушиши бўлган.
Август ойида жаҳон бозорида нефть нархининг пасайиши фонида бензин нархи литри учун 0,14 фунт стерлингга арзонлашди.
Натижада июль ойида 43,7 фоизни ташкил этган мотор ёқилғиси тоифаси бўйича йиллик инфляция август ойида 32,1 фоизга тушди.
Шу билан бирга, озиқ-овқат нархи бир йилдан кўпроқ вақт давомида ўсишда давом этмоқда.
Август ойида ушбу тоифадаги йиллик инфляция 13,1 фоизни ташкил этиб, 14 йил давомидаги энг юқори даражага етди ва шу тариқа бош инфляциянинг юқори даражасини сақлаб қолишга энг катта ҳисса қўшди.
Август ойида июль ойига нисбатан озиқ-овқат ва алкоголсиз ичимликлар нархларининг 1,5 фоизга ошиши ушбу тоифадаги 1995 йилдан буён энг катта ўсиш бўлди. Август ойида озиқ-овқат тоифасида сут, пишлоқ ва тухум нархи энг кўп ошди.
Мутахассисларнинг фикрича, яқин келажакда инфляциянинг сезиларли даражада пасайишини кутмаслик керак.
Аввалроқ Британия тангалари ва банкноталари Чарльз III портрети туширилган янгиларига алмаштирилиши ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)