Шавкат Мирзиёев фармони билан Шуҳрат Вафоев президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.
У шу муносабат билан инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Аввалроқ президент ҳузурида Стратегик ислоҳотлар агентлиги ташкил этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Янги агентликнинг вазифалари нималардан иборат?
Стратегик ривожланиш агентлигининг асосий вазифалари қуйидагилар:
- маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда алоҳида соҳа ва тармоқларни ислоҳ қилиш таклифларини ишлаб чиқиш, уларни ташкил этиш ва назорат қилиш;
- ислоҳотларни танқидий таҳлил қилган ҳолда уларнинг самарадорлигини баҳолаш, расмиятчилик, сансалорлик ва коррупциявий ҳолатларга шароит яратувчи тизимли муаммоларни аниқлаш, бартараф этиш чораларини кўриш;
- халқаро молия институтлари, чет эл ташкилотлари ва хорижий мутахассисларни ҳамда беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш ишларини тизимли ташкил этиш;
- давлат иштирокидаги корхоналарни трансформасия қилиш, жумладан ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида тузиш, бошқарув органлари таркибига мустақил аъзоларни киритишни мониторинг қилиш.
Шавкат Мирзиёевнинг шахсан раислигида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг кенгаши тузилди. Кенгашга бир қатор ваколатлар берилди.
Агентлик бош директори ва унинг ўринбосарлари президент томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Янги агентлик нега керак?
Агентлик барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ягона ғоя ва стратегия остида бирлаштиради ҳамда уларни охиригача етказилишини назорат қилади. Шу билан бирга, янги идора хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида жамият ривожи ва халқ манфаатли учун зарур бўлган ислоҳотларни ишлаб чиқиш, мавжудларини экспертизадан ўтказиш билан шуғулланади.