Ўзбекистонда сўм 2022 йилнинг август ойида ўтган ойга нисбатан ўсувчи динамика қайд этиб, 1,4 фоизга мустаҳкамланди. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботидан маълум бўлди.
Июль ойида сўм 2,1 фоизга мустаҳкамланган эди. Август ойида реал самарали алмашув курсининг қадри ошишига асосан савдо-ҳамкор давлатлар валюта курсларининг юқори суръатларда қадрсизланиши ва ички инфляция таъсири сабаб бўлди.
Сўмни оширувчи омиллар сифатида савдо-ҳамкор давлатлар валюта курслари ўзгариши — 1,4 фоиз бандга, ички инфляция — 0,5 фоиз бандга таъсир этган бўлса, пасайтирувчи омил бўлиб савдо-ҳамкор давлатлар инфляцияси — 0,5 фоиз бандни ташкил этгани сабаб бўлган.
Асосий савдо-ҳамкор давлатларнинг валюталари курслари август ойида долларга нисбатан қуйидагича динамика кўрсатди:
Россия рубли август ойида 2,3 фоизга қадрсизланди. Бундай қадрсизланишга иқтисодий санкциялар ва нефть нархи пасайиши фонида энергия маҳсулотлари экспортидан олинадиган даромадлар камайиб бориши билан изоҳланади.
Россия Марказий банки 22 июль куни асосий фоиз ставкасини 9,5 фоиздан 8 фоизгача пасайтирди.
Қозоғистон тенгеси август ойида 0,3 фоизга мустаҳкамланди. Бунда мазкур ойда давомида йирик компаниялар томонидан солиқлар тўланиши тенге курсини қўллаб-қувватловчи омил бўлди.
Август ойида ҳам турк лирасининг юқори суръатларда қадрсизланиши (3,3 фоизга) давом этди. Мамлакатда кузатилаётган юқори инфляцияга қарамасдан Туркия Марказий банки томонидан фоиз ставкасининг пасайтирилиши, юқори инфляцион босимлар ҳамда 4 макроиқтисодий беқарорлик лиранинг қадрсизланиши давом этишига сабаб бўлди.
Хитой банкининг иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида рағбатлантирувчи пул-кредит сиёсати олиб бораётганлиги ҳамда доллар индексининг мустаҳкамланиши юань курсига салбий таъсир кўрсатди.
Бунинг оқибатида юань курси август ойида ўтган ойга нисбатан 1 фоизга қадрсизланди (бир доллар 6,73 юандан 6,8 юанга).
2022 йил август ойида асосий савдо-ҳамкор давлатларнинг деярли барчасида (Россиядан ташқари) йиллик инфляция кўрсаткичлари ошиши кузатилди.
Жумладан: Россияда ойлик нархлар пасайиши давом этиб, -0,5 фоизни (йиллик инфляция 14,3 фоизни) ташкил этди.
Нархларнинг ойлик динамикаси пасайиши истеъмол товарларига бўлган талабнинг сустлиги билан изоҳлаш мумкин.
Қозоғистонда ойлик инфляция 1,4 фоизни ташкил этиб, йиллик ҳисобда 16,1 фоизгача тезлашди. Август ойида инфляциянинг ошишига озиқ-овқат маҳсулотлари йиллик 20,8 фоизга (июлда 19,7 фоиз), ноозиқ-овқат маҳсулотлари йиллик 15,5 фоизга (июлда 14,2 фоиз) ҳамда хизматлар 10,1 фоизга (июлда 9,2 фоиз) ҳисса қўшди.
Туркияда ойлик инфляция 1,46 фоизни ташкил этди, йиллик ҳисобда 80,2 фоизгача ўсди. Нархлар ўсишига асосан, энергия маҳсулотлари ҳамда импорт товарларининг қимматлашиши билан изоҳланади.
Шунингдек, мамлакатда ишлаб чиқарувчилар нархлари индекси ойлик ҳисобда 2,4 фоизга ўсиб, йиллик 143,8 фоизга етди. Бу келгуси ойларда ҳам инфляция даражаси юқори бўлишини англатади.