Тармоқларда Олий судда кадрлар алмашинувлари рўй бераётгани, жумладан уч нафар судьянинг аризаси олингани ва мурожаатлар билан ишлаш бошқармасининг барча ходимлари ёппасига ишдан бўшатилгани ҳақида хабар тарқалди.
Ҳолат юзасидан «Дарё» мухбири Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов билан боғланиб, изоҳ олди.
«Тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бутун бошли бошқарма ходимлари ишдан олингани йўқ. Олий суднинг 11 нафар ходими, яъни судья ёрдамчиси ва бошқа вазифаларда хизмат қилган ишчилар Судьялар олий мактабига имтиҳон топшириб, кирди. Табиийки, улар ўқишга киргани боис меҳнат шартномаси бекор қилинган», – деди Олий суд вакили.Унинг қўшимча қилишича, Олий суддаги судьяларни тайинлаш ва уларни ваколатини тугатиш Олий суд ваколатига кирмайди.
Эслатиб ўтамиз, август ойи бошида Бахтиёр Исломов Олий суд раиси этиб сайланганди. Унинг ўрнида ишлаб келган Козим Комилов саломатлиги туфайли ўз хоҳиши билан Олий суди раиси лавозимидан озод этилган. У Конституциявий суд судьяси лавозимига сайланган эди.