Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармонига мувофиқ Владимир Имомович Норов Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.
Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтгани ва унда Владимир Норовни ташқи ишлар вазири лавозимига маъқуллаш масаласи кўриб чиқилиб, маъқуллангани хабар қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, апрель охирларида Ўзбекистон президентининг тегишли фармонлари билан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаб келган Абдулазиз Комилов президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди. Шунингдек, Владимир Норов Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган, унинг зиммасига Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажариш юклатилганди.
Маълумот учун, Владимир Норов 1955 йилда Бухоро вилоятида туғилган. 1972—1976 йилларда Бухоро педагогика институти талабаси бўлган. 1983—1985 йилларда — Совет Иттифоқи ички ишлар вазирлиги академияси тингловчиси.
Шунингдек,
- 1976-1978 — Қуролли Кучлар хизматида;
- 1978-1982 — Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси жиноят-қидирув бўлими тезкор вакили, катта тезкор вакили;
- 1982—1983 йилларда Бухоро шаҳри ички ишлар бўлими жиноят-қидирув бўлинмаси бошлиғи;
- 1985—1988 йилларда Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси ички хавфсизлик бўлими бошлиғининг ўринбосари;
- 1988—1990 йилларда Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси жиноят-қидирув бошқармаси бошлиғи;
- 1990—1993 йилларда Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари — жиноят-қидирув бошқармаси бошлиғи;
- 1993—1995 йилларда Ўзбекистон президенти девонининг етакчи консултанти;
- 1995—1996 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари вазифаларида ишлаган;
- 1996—1998 йилларда Ўзбекистон президентнинг давлатлараро муносабатлар ва ташқи иқтисодий алоқалар бўйича давлат маслаҳатчиси;
- 1998-2003 — Ўзбекистоннинг Германиядаги, ўриндошлик асосида — Польша ва Швейцариядаги элчиси;
- 2003—2005 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари;
- 2005—2006 йилларда Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси;
- 2006 йил 12 июлдан 2010 йил 1 ноябргача — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири;
- 2010—2013 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари;
- 2013—2017 йилларда Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчиси;
- 2017 йил 4 апрелдан 2019 йил 1 январгача — Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директор — Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг биринчи ўринбосари;
- 2019 йил 1 январдан 2021 йил 31 декабргача Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби;
- 2021—2022 — Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари вазифаларида фаолият олиб борган.