Навоийда жарима майдонидаги Mercedes-Benz’га зарар етказилгани аниқланди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Маълум қилинишича, вилоятнинг Хатирчи туманида яшовчи фуқаро С.Қ.га тегишли бўлган Mercedes-Benz русумли машина маълум сабабларга кўра туман ИИБ томонидан жарима майдонига қўйилган. Фуқаро барча тўлов ва расмиятчиликларни амалга ошириб машинани жарима майдончасидан чиқариш учун келганида унинг 9 миллион 800 минг сўм қийматга эга автодисклари алмаштирилгани ҳамда автомашина жарима майдонида ёмон ҳолатда сақлангани маълум бўлган.
Бу ҳолатлардан норози бўлган фуқаро истеъмолчи сифатида ҳуқуқлари бузилаётгани ва бу борада амалий ёрдам кўрсатишларини сўраб туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.
Олиб борилган ўрганишлар жараёнида истеъмолчининг норозиликлари ўз тасдиғини топган. Кузатув камераларидаги ёзувлардан автодискларни унинг собиқ эгаси алдов йўли билан алмаштириб кетгани ва ҳақиқатда ҳам жарима майдончасида автомобиль ёмон ҳолатда сақлангани маълум бўлган.
Хатирчи туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимларининг аралашуви билан автодисклар эгасига қайтарилиб, автомашинага техник хизмат кўрсатилган.
Изоҳ (0)