Ўзбекистонга амалий ташриф билан бўлиб турган Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Қурилиш ва транспорт масалалари қўмитаси раиси Ким Ду Гван бошчилигидаги делегация фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари Азизбек Латифжонов билан учрашди, дея хабар бермоқда Дунё ахборот агентлиги.
Қайд этилишича, мулоқот чоғида томонлар ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш, Ўзбекистонда ёнғинга қарши саноатни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган. Томонлар икки мамлакат ўртасида ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик ривожининг ижобий динамикасини қайд этган.
Учрашувда Жанубий Корея—Ўзбекистон бизнес уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Ким Чанг Кеон, «ТДC Cо, .Ltd» компанияси президенти Чой Ин Чанг ва бошқалар Корея Республикаси ёнғин хавфсизлиги ассоциацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда фуқароларни ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятларга жавоб беришга ўргатиш учун замонавий ўқув маркази барпо этиш лойиҳаси бўйича атрофлича маълумот берган. Томонлар ушбу лойиҳани тез ва муваффақиятли амалга ошириш учун давлат ва хусусий секторлари ҳамкорлиги орқали фаол ёрдам кўрсатишга келишиб олган.
Ўзбекистонда фуқароларни ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятларга жавоб беришга ўргатиш учун замонавий ўқув маркази қарийб 30 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобидан, тахминан 5 гектар майдонда барпо этилади.
Таъкидланишича, 2022 йил июнь ойида Ўзбекистонга Жанубий Корея томонидан 8 дона махсус ўт ўчириш автомобили ва тиббий техника, шунингдек, ҳимоя воситалари ва жиҳозлари беғараз етказиб берилган. Август ойида эса ушбу ускунани ишлатиш бўйича Тошкент ва Фарғона вилоятлари Фавқулодда вазиятлар бошқармаларида жанубий кореялик мутахассислар иштирокида ўқув курслари ташкил этилган.
Изоҳ (0)