«Манчестер Юнайтед» «Реал» ярим ҳимоячиси Каземирога жиддий қизиқиш билдирмоқда.
El Chiringuito хабарига кўра, «қизил иблислар» ушбу трансферни шанба кунига қадар расмийлаштирмоқчи. Клуб яқин орада таклиф билан чиқиши айтиляпти. Мадрид жамоаси уни ўрганиб чиқишга тайёр.
«Реал» 30 ёшли футболчини жуда қадрлайди, бироқ «Манчестер Юнайтед» 70 миллион евролик таклиф билан чиқадиган бўлса, музокаралар столига ўтиришга тайёр, дея хабар қилмоқда El Confidencial.
Испан жамоаси Каземиронинг ёши, шунингдек, ушбу ёзда 80+20 миллион еврога сотиб олинган Орельен Тчуаменининг трансферини инобатга олган ҳолда таклифга рози бўлиши мумкин.
«Юнайтед» бразилиялик футболчини жамоа учун керакли бўлишига ишонмоқда ва унга «Реал»га қараганда кўпроқ маош тўлашга тайёр. Каземиро «Реал»да йилига 7 миллион евро маош олади.
«Манчестер Юнайтед» 22 август, душанба куни «Ливерпуль»га қарши ўйнайди. Эрик тен Ҳаг жамоаси АПЛ 2-туридан кейин бирорта ҳам очко тўплай олмай, сўнгги ўринда бормоқда.
Аввалроқ «Манчестер Юнайтед» Каземиро учун 50 миллион фунт тўлашга тайёр экани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)