Сирдарё вилоятида аёлларни ўқитиш ва уларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш бўйича янги лойиҳа — InnoWoman ишга туширилмоқда. Бу ҳақда IT Park хабар бермоқда.
Лойиҳа 15 ёшдан 35 ёшгача бўлган компьютер кўникмаларини эгаллашни орзу қиладиган қизлар ва аёллар учун IT-курсидир.
Дастур 1 000 нафар талаба қизларни коммуникация ва ахборот технологиялари соҳасида таклиф этилаётган курсларда ўқитиш ҳамда амалий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган.
InnoWoman лойиҳаси 6 ой давом этади. Дастур доирасида қизлар ва аёллар қуйидаги йўналишларда ўқийди:
- Компьютер саводхонлиги (1 ой);
- Веб-дастурлаш ва лойиҳаларни бошқариш (5 ой).
Дарслар 20 сентябрдан бошланади ва ўзбек тилида ўтказилади. Ўтказиладиган жой — IT Park’нинг Сирдарё филиали, ҳамда минтақавий IT-марказлар.
InnoWoman доирасидаги курслар учун махсус нархлар белгиланади — курсларнинг ойлик нархи 100 минг сўмни ташкил этади.
Бундан ташқари, курслар рақобатбардош АКТ-лойиҳаларини босқичма-босқич амалга ошириш, жумладан, иқтидорли талаба қизлар учун стартап лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ёрдам беришни ўз ичига олади.
Тренинг натижаларига кўра, учта энг яхши стартап замонавий ноутбуклар билан тақдирланади.
Рўйхатдан ўтиш учун аризалар 10 сентябргача қабул қилинади.
Изоҳ (0)