Туркиянинг Коня шаҳрида бўлиб ўтаётган V Ислом бирдамлиги ўйинларида иштирок этаётган ўзбекистонлик енгил атлетикачиларимизнинг зафарли юришлари давом этмоқда. Навбатдаги кунги беллашувларда қатнашган спортчилар томонидан 3 та олтин ва 1 та кумуш медал қўлга киритилди.
Дастлабки кунги мусобоқаларда қатнашган спортчиларимизнинг қўлга киритаётган ғалабаларидан илҳомланиб, баҳсларга киришган атлетларимиз 100 фоизлик натижага эга бўлишди.
Жумладан, тажрибали ва маҳоратли енгил атлетикачимиз Суҳроб Хўжаев босқон улоқтириш беллашувларида рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади. У 71,87 метр натижа билан олтин медалга эгалик қилди ва шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди.
Ўзбек енгил атлетикачилари орасида биринчи бўлиб «Бриллиант лига»да муваффақиятга эришган Сафина Саъдуллаева Конядаги мусобоқаларда ҳам тенгсиз эканини исботлади.
Баландликка сакраш дастурида 1,97 метр натижа қайд этиб ғалабага эришган Сафина олтин медални қўлга киритди.
Шунингдек, мазкур дастурда Светлана Радзивил ҳам қатнашиб 1,87 натижага эга бўлди ва у кумуш медалга сазовор бўлди. Баландликка сакраш баҳсларида ҳам спортчиларимиз совринли ўринларни банд қилишди.
Колумбияда ўтган енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган Шарифа Давронова Ислом бирдамлиги ўйинларида ҳам амалда тенгсиз эканлигини исботлади. Уч ҳатлаб сакраш дастурида қатнашган атлетимиз 14,30 метр натижани қайд этиб, олтин медални қўлга киритди.
Ушбу секторда иштирок этган Роксана Худоёрова 13.87 метр натижа билан 4-ўринни эгаллади.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати
Изоҳ (0)