Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Бухоро вилоятининг Когон шаҳридаги «Газчилар» қўрғонида содир бўлган ёнғин куз-қиш мавсумида аҳолига табиий газ етказиб берилишига таъсир кўрсатмайди. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» АЖ масъуллари Бухорода ОАВ вакиллари учун ташкил этилган пресс-турда маълум қилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Бухоро вилоятининг Когон шаҳридаги «Газчилар» қўрғонида жойлашган магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли КС-1 газ компрессори станциясида ёнғин содир бўлган эди. Когон магистрал газ қувурлари бошқармаси бошлиғи Нодир Амоновнинг ОАВ вакилларига маълумот беришича, мазкур воқеа сабаб 16 минг куб газ ёниб, ҳавога учган. Ҳамда станцияга 56 миллион сўм зарар етган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

«Когон КС-1 газ компрессори станциясида содир бўлган ёнғин ижтимоий тармоқларда тарқалгач, бу йилги қиш мавсумида водий газ билан таъминланмаслиги ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Бу ҳолат президент ва жамоатчиликдан яшириб келинаётгани айтилди. Аслида бу гаплар асоссиз. Шу сабаб ҳам биз ОАВ вакиллари ва блогерларни воқеа жойига таклиф қилиб, тўғри ахборотни беряпмиз», — дейди масъуллар.

Пресс-турда таъкидланишича, мазкур станция орқали Бухоро, Навоий вилоятидаги саноат истеъмолчилари ҳам етарли босимдаги газ билан таъминлаб келинмоқда. Шунингдек, Самарқанд вилоятининг учта туманига ҳам шу жойдан табиий газ етказиб берилади.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

«Станциядан манзилларга газ етказув аппаратларидан бирининг парраги бир неча сантиметр синиб кетиши оқибатида авария юзага келган ва оқибатда ёнғин содир бўлди. ‘Когон КС-1’ компрессор станциясининг 1964 йили ишга туширилганини инобатга оладиган бўлсак, бирор маротаба бундай ҳолат содир бўлмаган. Ёнғин ҳолатини эшитибоқ, объектга муҳофаза қилувчи кранлар киритилди, шундан сўнг ёнғин ўчирувчи машиналар киритилди», —дейди «Когон КС-1» компрессор станцияси раҳбари Илҳом Остонов.

«Ўзтрансгаз» АЖ ахборот хизмати раҳбари Толибжон Раҳматовнинг сўзига кўра, бирор бир газкомпрессор станциясида авария чиққан тақдирда ҳам истеъмолчиларга табиий газни узлуксиз етказиб бериш учун захира тармоқлардан фойдаланилади.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

«Бугунги кунда республикада иккита ерости газ сақлаш омборлари мавжуд. Улардан бири Андижон вилоятидаги Хўжаобод ерости газ сақлаш омборидир. Ушбу омборхоналар газ истеъмоли камайган ёз мавсуми чоғида тўлдириб олинади. Омборхоналарда тўпланган газ куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга етказиб берилади», — дейди Толиб Раҳматов.

Изоҳ
Асосий янгиликлар