Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Хитой ҳукумати Тайвань бўғозида кескинлик кучайиши фонида Россия билан стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси (ХХР) ташқи ишлар вазири Ван И россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан Пномпенда бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди, деб ёзади «РБК».

Фото: Reuters

Фото: Reuters

Ван И қайд этишича, Россия «‘ягона Хитой’ тамойилига оғишмай риоя қилади» ва Хитой «суверенитетига нисбатан ҳар қандай тажовузлар»га қарши чиқади.

«Ўз навбатида Пекин Россия билан стратегик ҳамкорликни кучайтиришга тайёр, токи биз биргаликда БМТ асосий ролни ўйнайдиган халқаро тизимни, шунингдек, умумий қабул қилинган халқаро ҳуқуқ нормаларига таянувчи тартибни янада самаралироқ ҳимоя қилайлик», — деди Ван И.

Унинг сўзларига кўра, Россиянинг Тайвань бўйича позицияси «кенг қамровли Хитой-Россия стратегик шериклигининг юқори даражаси»дан ва Пекин ва Москва халқаро майдонда бир-бирига бераётган кўмакдан дарак беради. Биргаликда улар «дунёда тенг ҳуқуқлилик ва адолатни ҳимоя қилади», дея қўшиб қўйди вазир.

Хитой ва Тайвань алоқалари оролга 2 август куни АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг ташрифидан кейин кескинлашди. ХХР Тайванни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди ва унинг Хитой дипломатик муносабатлар ўрнатган мамлакатлар вакиллари билан алоқаларига қарши чиқади, бундай мулоқотлар унинг суверенитетини бузади, деб ҳисоблайди. АҚШ, ўз навбатида, Пелосининг сафари уларнинг Тайванга нисбатан сиёсатига мувофиқ келишини ва «зиддият учун ҳеч қандай сабаблар йўқ»лигини қайд этди.

Россия ҳукумати Пелосининг сафарига салбий муносабатда бўлди. Кремль ушбу ташрифни «мутлақо кераксиз провокация» деб атади. ТИВ эса спикернинг сафари орқали АҚШ жамоатчиликнинг эътиборини ички муаммолардан ва Украинадаги вазиятдан чалғитишга уринаётганини тахмин қилди.

Эслатиб ўтамиз, Нэнси Пелоси Тайванга ташрифидан сўнг Жанубий Кореяда совуқ кутиб олинди, унинг Осиё сафари доирасида Жанубий Кореяга келиши умид қилинганидек даражада эътиборга лойиқ бўлмади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар