2022 йил 6-ойлик якунларига кўра Ўзбекистон товар-хом ашё биржасининг «avtoraqam.uzex.uz» савдо тизимида 174 млрд сўмлик 77 мингдан зиёд авторақамлар онлайн-аукцион орқали сотилди.
Авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 10 фоизга, ҳажми бўйича — 27 фоизга ўсди.
Ўтган даврда тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,2 млн сўмни ташкил этган. Сотилган авторақамларнинг 93 фоиз жисмоний шахслар, 7 фоиз — юридик шахслар томонидан харид қилинган.
Сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси — 545,4 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 348 млн сўмни ташкил қилди.
Савдолар натижасида битимларнинг 29 фоизи биринчи тоифадаги авторақамлар, 22 фоизи — иккинчи, 13 фоизи — учинчи, 9 фоизи — тўртинчи, 12 фоизи — бешинчи ва 15 фоизи — олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп авторақамлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (45 фоиз), Самарқанд (8 фоиз), Бухоро, Фарғона ва Қашқадарё (6 фоиздан) вилоятларида харид қилинган.
Авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи — Давлат бюджетига, 20 фоизи — Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига йўналтирилади.
Изоҳ (0)