Сурия пойтахти Дамашқ осмонида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Исроил томонидан йўлланган авиазарбаларни қайтарди, деб хабар бермоқда Суриянинг SANA ахборот агентлиги.
«Исроиллик душманлар Суриянинг босиб олинган Голан ҳудудидан (Голан тепаликлари, Исроил ва Сурия ўртасидаги баҳсли ҳудуд – «Дарё» изоҳи.) Дамашқ шаҳри яқинидаги баъзи нуқталарга авиазарба берди, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларимиз бир қанча ракеталарни уриб туширди», — дейилади хабарда.
Агентлик маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида уч нафар ҳарбий ҳалок бўлган, яна етти киши яраланган. Исроил томони Суриянинг ушбу баёнотларига ҳали изоҳ бермади.
Бу Исроилнинг яқин орада Дамашққа биринчи ҳужуми эмас. Июнь ойида мамлакат Транспорт вазирлиги Исроил авиазарбаси оқибатида Дамашқ аэропорти, хусусан, навигация ёритгичи билан жиҳозланган учиш-қўниш йўлаклари ва бинолардан бири шикастлангани ҳақида хабар берган эди. Шу сабабли ҳаво бандаргоҳи иши деярли икки ҳафтага тўхтатилган.
Изоҳ (0)