Ижтимоий тармоқларда Намангандаги бекатларнинг бирида 3 июль куни ёнғин чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят ФВБ ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, 3 июль куни соат 04:37 да Наманган шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими 101 қисқа рақамига якка тартибдаги тадбиркорга қарашли Наманган шаҳар «Шарқ тонги» МФЙ Навоий кўчасида жойлашган озиқ-овқат дўконида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Воқеа жойига зудлик билан ёнғин қутқарувчилари етиб бориб, ёнғинни бартараф этган.
Ёнғин оқибатида савдо дўконнинг шифт қисмидан 20 квадрат метр жойи, 10 та музлатгичи, 2 та совиткич (кондиционер) ҳамда савдо дўконига тегишли ҳужжатлар, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ёниб зарарланган.
«Ҳурматли фуқаролар, аҳоли яшаш хонадонингиз ва савдо дўконингиздаги электр жиҳозларини ёқиб назоратсиз қолдирманг ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинг», — дейилади ФВБ хабарида.
Изоҳ (0)