Наманган вилоятида туғилган фуқаро Суриядаги жангарилар сафига қўшилишни режалаштириб юргани аниқланди. Ички ишлар вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, фуқаро Э.М. (1977 йилда туғилган) 2019—2021 йилларда Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб, Содиқ Самарқандийнинг мадрасаларида таълим олган. Оқибатда у экстремистик ва террорчилик ташкилотлар ғоялари таъсирига тушиб, Сурияга бориш ва у ердаги жангарилардан бирига турмушга чиқишни режалаштирган.
Шу мақсадда фуқаро Э.М. 2021 йилнинг март ойида Туркиядан доимий яшаш манзилига қайтиб келиб, 3 нафар фарзандини ўзи билан бирга олиб, Қирғизистон—Туркия—Сурия йўналишида ҳаракатланаётган вақтида чегара ҳудудида тўхтатилган ҳамда доимий яшаш манзилига қайтарилган.
Олиб борилган тушунтириш ишларига қарамай, фуқаро Э.М. ўзининг Суриядаги жангарилар сафига қўшилиш мақсадидан воз кечмаган ҳамда у ердаги ҳамфикрлари билан ижтимоий тармоқлар орқали ёзишмаларни давом эттириб келган.
Шунингдек, у интернет тармоғида бир қатор гуруҳлар ташкил қилиб, гуруҳ аъзолари орасида ақидапарастлик ва экстремистик мазмундаги материалларни тарқатган ҳамда Суриядаги жангариларга моддий ёрдам беришга тарғиб қилган.
Таъкидланишича, Э.М. жиноий мақсадига эришиш йўлида балоғат ёшидаги қизи Э.Х.ни 2022 йилнинг март ойида Туркияга жўнатиб, у ердаги экстремистик ва террорчилик ташкилотлари раҳнамоларининг қўлига таълим олиши учун топширган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)