Сурхондарё вилояти Шеробод туманида жойлашган Сурхон давлат қўриқхонасида неандертал одам макони топилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, қўриқхонанинг Хатак бўлими Боғли дара массивида 2021 йилда археологлар томонидан милоддан аввалги 100—40-минг йилликка оид неандертал одам макони топилиб, жорий йилнинг июнь ойидан кенг кўламли қазишма ишлари бошлаб юборилган. Қазишма давомида вертикал қоянинг юзасида 15—20 метр баландликда ҳосил бўлган ва кириш жуда қийин бўлган ушбу ғорда тош қуроллар, ёввойи ҳайвонларнинг майдаланган суяклари билан бирга 100—60 минг йил олдин яшаган неандертал одами ҳаётининг тўлиқ ва бузилмаган манзараси (кул, думалоқ ўчоқ қолдиқлари) сақланиб қолгани аниқланган.
Бу орқали Сурхондарё вилоятининг нафақат тоғли Бойсун тумани, балки Шеробод тумани ҳам илк инсонлар макони бўлгани ўз исботини топган.
Ҳозирда Фанлар академияси Миллий археология маркази ҳамда Австралиянинг Гриффет университети ходимлари томонидан қазишма ишлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)