Биткоиннинг нархи бир ярим йил ичида энг паст даражага тушиб кетди.
CoinDesk порталидаги маълумотларга кўра, Тошкент вақти билан соат 18:40 га келиб виртуал валютанинг қиймати 23,389 долларга тушиб кетди.
Бу эса криптовалютанинг 2020 йилнинг декабридан бери энг арзон кўрсаткичидир. Унинг нархи бир кун ичида 3,5 минг долларга пасайиб кетди.
Айни пайтга келиб биткоиннинг бозор қиймати 450 млрд доллардан ошиқ бўлиб турибди.
2021 йил ноябрь ойида криптовалюта нархи 67 минг долларгача кўтарилган эди.
Криптовалюта бозорининг қулаши сабабларидан бири Қўшма Штатлардаги инфляция бўйича янги статистика кутилганидан юқори бўлгани ҳисобланади.
Статистик маълумотлар эълон қилинганидан сўнг, фонд бозоридаги акцияларнинг қиймати ҳам пасайиб кетди ва АҚШнинг икки йиллик ғазначилик облигацияларининг даромадлилиги 2008 йилдан бери максимал даражага кўтарилди.
Бундан ташқари, криптовалюта бозорига бутун дунё бўйлаб марказий банклар томонидан пул-кредит сиёсатининг кескинлашуви салбий таъсир кўрсатмоқда.
Изоҳ (0)