Қозоғистонда ичида Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус ағдарилиб кетгани тўғрисида хабар берилганди. Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳозирда автобусдаги барча йўловчиларнинг рўйхати шакллантирилаётганини маълум қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу ҳодиса оқибатида 2 киши вафот этган (Ўзбекистон фуқаролари), 4 киши реанимация, 13 киши эса травмотология бўлимига жойлаштирилган.
«Ҳозирги вақтда автобуснинг барча йўловчилари рўйхати шакллантирилиб, ҳодиса Ўзбекистоннинг Олмаотадаги бош консулхонаси меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташеси томонидан назоратга олинган», — дейилади муносабатда.
Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилига кўра, Нукус—Олмаота йўналиши бўйича ҳаракатланган автобусда 53 нафар йўловчи бўлган, уларнинг 47 нафари — Ўзбекистон фуқароси.
Ўзбекистоннинг Олмаотадаги бош консулхонаси қошида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар ва тиббиёт муассасалари билан доимий алоқа ўрнатилган. Марҳумларнинг жасадларини ватанга олиб келиш билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳал этилмоқда.
Жамбил вилояти Фавқулодда вазиятлар департаментининг маълум қилинишича, ҳодиса 12 май куни Олмаота—Тошкент автомобиль йўлининг 571-километрида, Жуалинский тумани «Бауржон Момишули» қишлоғидаги йўлда содир бўлган. Автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл бўйлаб ҳаракатланаётган трактор тиркамаси билан тўқнашиб кетган.
Изоҳ (0)