2021 йил охирида Toyota концерни энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчисига айланди. Японлар жами 10,49 млн дона автомобиль сотишга муваффақ бўлишди. Бу ҳақда AutoNews хабар бермоқда.
Электрон компонентлар билан боғлиқ қийинчиликларга қарамай, бу натижа компания учун 2020 йилга нисбатан 10 фоизга яхши бўлди.
Иккинчи ўринда Германиянинг Volkswagen компанияси – 8,3 млн автомобиль. Бу 2020 йилдагидан 7 фоизга камроқ. Биринчи учликни 6,29 млн дона автомобиль (-8 фоиз) сотган General Motors тугатди.
Шунингдек, дунёдаги энг йирик 5 та автомобиль ишлаб чиқарувчилари қаторига Stellantis (5,29 млн дона, +4 фоиз) ва Honda (4,12 млн дона, -6 фоиз) кирди.
Даромад бўйича эса Toyota Volkswagen’дан ҳамон ортда қолмоқда. Немислар 2021 йилда 250 млрд евро, Toyota эса 238 млрд евро даромад олди. Учинчи ўринда Stellantis концерни — 149 млрд евро.
Маълумотларга кўра, Tesla’нинг бозор капиталлашуви 868 миллиард долларни ташкил этади (2022 йил 16 март ҳолатига кўра). Бу Toyota компаниясидан (231 миллиард доллар) деярли тўрт баравар кўпдир.
Tesla ўтган йили атиги 930 минг дона электромобиль сотган бўлса, Toyota эса қарийб 10,5 млн автомобиль ишлаб чиқарган. Бу Tesla’дан 10 баробарга кўпдир.
Аввалроқ Renault Россияни тарк этмоқчилиги ва бу Ўзбекистондаги Renault автомобилларига таъсир қилиши ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)