1 апрелда Fitch Ratings агентлиги Ўзбекистоннинг хорижий валютадаги узоқ муддатли «BB-» даражадаги рейтингини тасдиқлади. Тахмин — «Барқарор».
Уруш таъсир қилади, аммо иқтисодиёт кучли
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Украинадаги уруш ва Россияга қарши санкциялар Ўзбекистонга ўз таъсирини кўрсатади:
- иқтисодиёт ўсиши тўхтайди;
- жорий операциялар тақчиллиги ошади;
- инфляция ўсади.
Дунёдаги мавжуд вазиятни четлаб ўтишнинг иложи йўқ, зеро Ўзбекистон иқтисодиёти меҳнат мигрантлари томондан амалга оширилаётган пул ўтказмаларига боғлиқ, бунда Россия улуши 70 фоизни ташкил қилмоқда.
Бироқ Fitch мамлакатда макроиқтисодий барқарорлик сақланиб қолади, деб ҳисоблайди. Бунга қуйидагилар ёрдам беради:
- ишончли суверен баланс;
- тўғри олиб борилаётган сиёсат;
- экспорт хилма-хиллиги;
- жиддий техник ва молиявий ёрдамдан фойдаланиш имкони.
Олтин зиённи камайтиради
Ўзбекистон иқтисодиёти 2022 йилда 3,1 фоизга ўсади, деб ҳисоблайди Fitch таҳлилчилари. Таққослаш учун 2021 йилда у 7,4 фоизни ташкил қилган эди.
Ўсишнинг секинлашиши пул ўтказмаларининг қисқариши, баъзи бир йирик лойиҳаларнинг қолдирилиши, ташқи молиялаштиришнинг мураккаблашиши, сўм қадрсизланиб, инфляция ўсиши билан изоҳланади.
Бироқ фискал сиёсат ҳамда олтин, газ ва миснинг баланд нархи (Ўзбекистон уларни экспорт қилади) зиённи камайтиради.
2023 йилда иқтисодиёт 4,5 фоизгача тикланиши мумкин, аммо бу Россия ва Украинадаги мавжуд вазиятдан ва Ўзбекистоннинг янги шароитларга қандай мослашишига боғлиқ бўлади.
Асосий ставканинг ошиши сўмни сақлаб қолишга ёрдам беради
Инфляция 12,7 фоиз даражага чиқиши тахмин қилинмоқда. Таққослаш учун, 2020 йилда у 10 фоиздан паст бўлган эди.
Нархлар сўмнинг қадрсизланиши (содир бўлиб бўлган), аҳолининг инфляцион кутилмалари ва озиқ-овқат нархлари туфайли тезроқ ошишни бошлайди.
2023 йилда инфляция 11,6 фоизгача тушиши мумкин, гарчи бу сўм курси, газ ва электр энергияси тарифларига боғлиқ бўлади.
Марказий банкнинг асосий ставкани 14 фоиздан 17 фоизга кўтариши сўмнинг қадрсизланишидан сақлаб қоладиган қатъий пул-кредит сиёсатини англатади.
Кучли резервлар – яхши захиралар
Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 35,4 млрд долларни ташкил қилади. Жорий йилда улар 33 млрд долларгача, кейинги йилда эса 30 млрд долларгача қисқариши кутилмоқда.
Шунга қарамасдан, кучли захиралар импортни молиялаштириш ва ташқи хавфни юмшатишга имкон беради.
Давлат қарзи хавфсиз даражада
Ўзбекистон давлат қарзи 2021 йилда ЯИМга нисбатан 35 фоизини ташкил қилган эди. Жорий йилда эса қарз 42 фоизгача ўсиши, аммо шундай ҳолатда ҳам хавфсиз даражада қолиши кутилмоқда.
Аввалроқ Renaissance Capital таҳлилчиларининг фикри бўйича, Ўзбекистонда Украинадаги уруш ва Россияга қарши санкциялар туфайли йўқотишлар бўлади, аммо у бошда давлатлардан камроқ зиён кўриши ҳақида хабар берилган эди.