Ўзига хос услубга эга қўшиқчи Леди Гага тўрт ёшида пианино чалишни ўрганган, Бритни Спирсга қўшиқлар ёзган ва ўтган асрнинг 60 йилларида туғилмаганидан афсусда.
Вундеркинд — ўзи ўқиб ўрганган
Леди Гага номи билан танилган Стефани Жоан Анжелина Германотта 1986 йилда Нью-Йоркда италиялик оилада туғилган. Унинг отаси ҳаваскор сифатида кўплаб гуруҳларда қўшиқ куйлаган, шоу-бизнес билан шуғулланган. Шунинг учун ҳам мусиқа бўлажак хонанданинг қонида бор. Тўрт ёшида у Майкл Жексон, Элтон Жон, Фредди Меркури ва бошқа рок юлдузларининг қўшиқларини пианинода чалган. Гарчи ўша вақтда замонавий медиа тизимлари бўлмаса ҳам, у ўз чиқишларини оддий магнитофонга ёзган. Шу тарзда саҳна ҳаракатларини машқ қилиб борган.
Ўн бир ёшида у Нью-Йорк консерваториясининг ўзига хос бўлими бўлган Жулярд мактабига ўқишга кирди. Бироқ у хусусий католик мактабига борди, жазз гуруҳида куйлади ва театр курсида ўқиди. Аммо бошқа машҳурлар сингари унинг ҳам синфдошлари ёқтирмасди, кўпинча уни очиқчасига масхара қилишар ва мусиқага бўлган иштиёқини тушунишмасди. Бўлажак Леди Гага бунга ҳеч қандай муносабат билдирмаган, чунки у ўзининг севимли иши билан банд бўлган. Айтганча, унинг синфдошларидан бири Перис Ҳилтон бўлиб, улар ҳали ҳам бир-бири билан мулоқот қилмайди. Аммо ўқитувчилари унинг ақлини, тезда англаш қобилиятини қадрлашди. Ушбу қобилиятлари туфайли у Нью-Йорк университети санъат мактаби имтиҳонларидан ўтишга муваффақ бўлди.
Леди Гага 17 ёшдан бошлаб Гарлем клубларида турли гуруҳлар таркибида чиқиш қилган. Атиги бир ярим метр баландликдаги Стефани калта юбкалар, очиқ блузкалар, баланд пошнали туфлиларни яхши кўрарди. У мактабда атиги икки йил ўқиди ва яккахон карьерасини бошлаш учун ўқишни тарк этди. Айтиш жоизки, ота-онаси уни уй-жой билан таъминлаган ва йил давомида пул беришга ваъда берган. Бу билан агар у муваффақиятга эриша олмаса, ўқишга қайтиши керак эди. Шундай қилиб Стефани санъат мактабини тугата олмади, яъни карьерасини муваффақиятли қуришга эришди.
Леди Гага образини излаб
Бўлажак юлдуз ўз услубини излай бошлади. Клубларда уни жуда театрлаштирилган, театрларда эса эстрадага мос, деб айтишган. Бу орада у раққоса, официант бўлиб ишлади ва ўзининг қиёфасини топишга ҳаракат қилди. Дэвид Боуи, Майкл Жексон, Queen гуруҳининг ижодини ўрганиб чиқиб, ҳамма нарсадан фарқ қиладиган ўзига хос синтез яратди. У хонанда Леди Старлайт билан ҳам дўстлашди ва натижада Леди Гага дунёга келди. Бу ном машҳур «Queen» «Радио Гага» қўшиғи шарафига танланган. 2006 йилда у продюсер Роб Фусари билан учрашди ва овоз ёзиш студиялари билан шартнома имзолади. У Ферги, «Пуссикет Долз», Бритни Спирс учун қўшиқлар ёзади. Айтганча, у ҳали ҳам Бритнини поп маликаси деб билади.
Умуман сояда қолиб кетишни ёқтирмайдиган Стефани ўзининг биринчи «The Fame» альбомини ёзишга киришди. У 2008 йилда чиқди ва дарҳол «Гремми» мукофотига сазовор бўлди. Леди Гага «Янги Мадонна» ва «Юклаб олинган қўшиқлар маликаси» каби юқори мақтовларга сазовор бўлди. 2010 йилда «Just Dance» альбоми чиқди, у ҳам бир зумда машҳур бўлди.Кейинги «The Fame Monster» альбоми уни ниҳоят мусиқий чўққига олиб чиқди, у АҚШ ва Британиядаги деярли барча мусиқа мукофотларини олди. Унинг клиплари YouTube’да биринчи бўлиб миллиард маротаба кўрилди ва Гиннеснинг рекордлар китобига кирди.
Леди Гаганинг сўзларига кўра, у ўтган асрнинг 60 йилларида, Жон Леннон билан бир вақтда туғилмаганидан афсусланади. У яна камида 30 йил шоу-бизнесда бўлишни кутаётганини ҳам айтиб ўтган. Бунга ишониш мумкин. Ахир у доимий равишда ўзининг ижод доирасини кенгайтириб келмоқда. 2021 йили у ўзининг смайликлар тўпламини тақдим этди, шу билан бирга, у бир нечта фильмлар ва телекўрсатувларда иштирок этган. 2022 йил чиққан «Юлдуз туғилди» мюзикли Леди Гагани самимий ва етук ижодкор сифатида кўрсатди. Муваффақиятга эришиш учун шоу-бизнес оламидаги ҳар қандай қоидаларга бўйсунилса-да, қалбан оққуш каби қолиш керак. Эҳтимол, бу нарса хонанда намоён қилган характерининг моҳиятида мавжуддир.
Мавзуга доир:
- Машҳурлар ҳаётини ижро этишда нафақат характери, балки ташқи жиҳатдан ҳам уларга ўхшаган актёрлар (фото)
- Леди Гага, Роберт Де Ниро ва ўз ресторанига эга бошқа Голливуд юлдузлари (фото)
- Леди Гага «Гуччи уйи» фильмидаги Патрисия Режани ролини ўйнаш учун 9 ой итальянча талаффуз билан гапиргани ҳақида сўзлаб берди