Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Шавкат Мирзиёев ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларига 1 апрелдан бошлаб давлат дастурларидан ташқари бюджетдан ссуда бериш ва банкларга депозит қўйишни тўхтатишга топшириқ берди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар қилди.

Қайд этилишича, 31 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари бугунданоқ аниқ ҳисоб-китоб қилиб, уч кун муддатда ўз режаларини ишлаб чиқиши кераклиги кўрсатиб ўтилган. Солиқ ва Божхона қўмиталарига тушумларни таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилган.

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада 1,5 мингдан зиёд давлат мулкини савдога чиқариш бўйича имзоланган Президент қарори ижросини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар белгилаб берилган.

Таъкидланишича, 2022 йил 1 майга қадар 50 мингта (4,5 минг гектар) ер участкаларини савдога чиқариш назарда тутилган. Бироқ Самарқандда ҳозирги кунгача бор-йўғи 6 та ер участкаси электрон савдоларга қўйилган. Қолган ҳудудларда эса биронта ер участкаси савдога чиқарилмаган. Икки ҳафта муддатда ушбу ерларни тўлиқ аукционга чиқариб, 1 июлга қадар уларнинг камида 50 фоизи сотилишини таъминлаш вазифаси қўйилган.

«Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Халқаро молия бозоридаги ҳозирги нобарқарор вазиятда четдан маблағ жалб қилиш ниҳоятда қийин бўлади. Бундай шароитда ўзимизда бор ресурслардан самарали ва тўлиқ фойдаланиш шарт», — деган президент.

Ҳозирги кунга қадар қиймати 9 миллиард доллар бўлган 105 та лойиҳа доирасида жалб этилган маблағлар ишлатилмасдан тургани ёки чўзилаётгани кўрсатиб ўтилган. Бир ой муддатда ҳар бир лойиҳани ўрганиб, уларни жадаллаштириш топширилган. Бунда самарасиз ва истиқболсиз лойиҳаларни тугатиш бўйича таклифлар тайёрланади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар