«Новая газета» нашри Виктория Ивашченко исмли украиналик аёлнинг қизиқ қисмати ва жасорати ҳақидаги ҳаётий ҳикояни эълон қилди. «Дарё» уни ўзбек тилида ҳавола этади.
Уларнинг уч фарзанди бор эди, энди эса олти нафар. Олег, Саша, ва Марусялар қаторига Даша, Наташа, Лера ҳам қўшилди. Шунингдек, қариндошлар ва саратонга чалинган собиқ хизматдош ҳам бирга. Вазият шуни тақозо қилди. Виктория Ивашченко ва унинг турмуш ўртоғи Александр тўрт йилдан бери Варшавада яшайди. Саша — собиқ чегарачи, 2016 йилда ҳарбий хизматдан бўшаган. Вика сартарошлик қилади, психология йўналишида ҳам ўқийди. Уларнинг Варшавадаги турар жой массивида ижарага олган кичкина квартираси бир неча кун ичида қочқинлар бошпанасига айланди. Лекин ундан аввал яна уч нафар болани олиб келиш учун 3 минг километр йўл босиб, чегарада 15 соат туришга тўғри келди. Болалар энди хавфсиз жойда, бу эса уларнинг ертўлада, тўқнашув чизиғида ўтирган оналарига куч бағишлайди. Вика ва Саша эса бу қийинчиликни енгиб ўтишига ишонади.
Ҳаммаси Сашага унинг собиқ хизматдоши қўнғироқ қилганидан бошланди, унинг ҳам исми Саша. Бурнига ҳуснбузар чиқибди, кейин билишса, мия саратони экан — тўртинчи босқичи. Рафиқаси Полина билан Миср таътилига учиб кетаётиб бошида қаттиқ оғриқ турибди-ю, ўша парвозни аранг ўтказиб олибди. Бош оғриғи йўқолмагач, текширувдан ўтишга қарор қилди ва шу хабарни эшитди. Аксига олиб, ҳеч ким уни операция қилишни истамади, жуда кеч қолганини айтишди. Фақат Киевдаги битта шифокор рози бўлди. Унинг фамилиясини эслай олмаяпман. Лекин ҳақиқий сеҳргар экан. 13 соат операция қилиб, муваффақиятли уддалади.
Хуллас, операция 13 январь куни ўтган бўлса, орадан икки ой ўтиб, 13 мартда нур терапияси бошланиши керак эди. Лекин унгача уруш бошланиб кетди. Яхши, бу ерда тўрт йилдан бери яшаймиз. Тилни биламиз, қаерга қўнғироқ қилишни ҳам. Аввалроқ, ҳар эҳтимолга қарши, кимётерапия ва нур терапияси қанчага тушишини билиб олгандик. 20 минг евро экан. Лекин энди LuxMed қочқинларга бепул ёрдам кўрсатишини эълон қилди. Улар билан боғландик, хайрият, қабул қиладиган бўлишди. Бепул даволашади. У аллақачон кўрикдан ўтди ҳам, операция аъло даражада бажарилганини айтишибди. Ҳаммаси тоза. Аммо мамлакатдан чиқиш анча қийин бўлди. У ҳали ҳарбий хизмат ёшида. Уни ҳатто Львовга кетаётган поездга чиқаришни ҳам исташмади. Пешонасидаги каттакон чандиққа ҳам қараб ўтиришмади. Бош суяги у чаккасидан бу чаккасигача очилганди ахир. Ҳужжатлари ҳам ёнида эди, лекин шунда ҳам: «Барибир ўласан. Яхшиси, шу ерда ўл. Автоматни олиб, Украинани ҳимоя қил!» — дейишибди. Ҳамма асабий. У эса: «Украинани ҳимоя қилишдан қочмайман, лекин бунинг учун аввал соғайиб олишим керак!» — дебди. Хуллас, Полина иккиси бир амаллаб етиб келишди. Львовнинг ўзида ҳам бир нечта поездларни ўтказиб юборишибди, чунки аввал болали аёллар поездга ўтқазилибди. Эр-хотин келиб, бизникига жойлашди.
Уйимизга кўчиб келган иккинчи оила — узоқ қариндошларим. Она, қиз ва етти яшар набира. Улар Киев яқинида, Буча шаҳридан унча узоқ бўлмаган жойда яшарди. Уйининг қоқ тепасига зарба беришибди. Ҳимоячилар келиб, уларни олиб чиқмагунича саккиз соат ванна билан хона ўртасида ўтирибди. Улар Саша ва Полинадан кейин, орадан уч кун ўтиб, келди.
Ва ниҳоят, учинчи оила мен учун энг оғриқлиси бўлди. Улар опамнинг болалари: тўққиз ёшли эгизаклар Даша ва Наташа, 16 ёшли Лера. Уларнинг катта акаси ҳам бор, жияним, лекин у Украинада қолган. 19 да, ҳарбий хизмат ёшида. Аллақачон Сумида ўт ўчириш бўлимида хизмат қиляпти. Улар вайрон бўлган биноларда ишлайди. Хуллас, опам болалари билан Островкада яшайди. Бу қишлоқ Николаев вилоятида жойлашган, Очаков ва Николаевнинг ўртасида. У шаҳардан ҳам, бу шаҳардан ҳам 60 километр узоқликда. Островка тўқнашув чизиғига тўғри келиб қолган. Опам қўнғироқ қилиб, болаларни мамлакатдан олиб чиқиб кетиш кераклигини айтди. Апил-тапил гаплашдик. У менга: «Бензинни қаердан топишни билмаяпман. Бензин йўқ», — дейди. Мен эса: «Бензин топиб, болаларни энг яқин чегарага олиб бор. Кейин уларни олиб кетаман», — дейман.
Энг яқин чегара Молдовада. Шундай қилиб, Словакия, Венгрия, Руминия орқали 1560 километр наридаги Украина ва Молдова чегарасига йўл олдик. Унча узоқ эмас, лекин бошдан-оёқ илонизи йўл муаммо туғдиради. Хуллас, чегарага бир амаллаб етиб бордик. Чегарадан нарида Одесса кўриниб турарди. Бу қанчалар оғриқли эканини биласизми — Одесса қаршингизда турибди, лекин боролмайсиз. Одессани, умуман, ҳамма яхши кўради, бирорта мамлакатда Одессани севмайдиган инсонни учратмаганман. Эсимда: мактабда ўқиб юрган кезларим ота-онам билан бирга «бозор қилгани» борардик — 1 сентябрь харидлари учун. Чегарада турибман-у ўкириб йиғлайман! Саша: «Ўзингни қўлга ол, ҳали болаларни олиб чиқиш керак, улар кўз ёшингни кўрмасин», — дейди. Коронавирус туфайли опам ва жиянларим билан икки йилдан бери учрашмагандим. Улар, албатта, биздан анча узоқлашган. Уларга қанчалик оғир бўлганини тасаввур қиляпман. 13 кечани ертўлада ўтказган, портлаш овозини эшитавериб, юрагини олдириб қўйган.
Биз асли саёҳат қилишни жуда севамиз, Саша иккимиз учун бир ярим минг километр ҳеч нима эмас. Лекин чегарадаги қайсидир чодирда сени кутиб ётган учта боланинг ёнига ошиқаётган бўлсанг, умуман бошқа масала. Польшадан фарқли ўлароқ Молдовада қочқинларга деярли ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаяпти. Польшада бу борада катта ишлар қилинди, Молдовада фақат айрим кўнгиллилар чегарада чодир тиклади — ҳатто чодир ҳам эмас, соябон ўрнатди. Ҳаво ҳарорати эса нолдан паст. Паланка Майаки ўтиш жойида эди. У ерда кўплаб қочқинлар бор эди, нон, колбаса, пишлоқ кўтарган бир неча киши ҳам. Опамнинг айтишича, ўша ерлик одамлардан бири карамли дўлма олиб келибди. Умуман олганда, чегара яқинида яшовчи кишилар ёрдам беришга ҳаракат қилди. Лекин, тўғриси, молдоваликлардан кўпроқ нарса кутгандим. Улар дам олиш учун доим биз тарафга келган. Улар учун соҳил бўйида катта меҳмонхоналар қурилган, бир қанча пляжлар ва қирғоқларни ўзиники қилиб олганди. Биз уларга доим дўстона муносабатда бўлганмиз, энди эса чегара яқинидаги қишлоқ одамларигина ёрдам қўлини чўзяпти. Молдова ҳукумати, назаримда, буткул бефарқ.
Хуллас, болаларни олиб кетяпмиз. Опам ўша ернинг ўзида бир парча қоғозга ишончнома ёзиб берди, лекин ҳозирги вазиятда шу ҳам ўтаверади. Улар қирқ қават пўстинга ўраниб олган — жуда совуқ эди. Тунаб қолиш мумкин бўлган энг яқин шаҳар — Балти. 200 километрдан узоқроқ масофада жойлашган. Мен Молдовани анча яхши биламан: бир вақтлар, ота-онам ажрашганда, ўша ерда яшардик. Энди тасаввур қилиб кўринг: кун қорайганда йўлга чиқиб, тун бўйи юрдик, ухлаш учун икки соатга тўхтадик, холос. Эгри-бугри йўлларда бир ярим сутка юриб, атиги икки соат дам олдик. Охири Саша мудрай бошлади. Уни чалғитиб, уйқусини очишга ҳаракат қиламан. Ухлаб қолмаслиги учун оёғидан чимдиб қўяман. Бир алфозда етиб бордик.
Кейин яна бошланди. Ярим тунда бир меҳмонхонага, иккинчисига ва учинчисига кирамиз — бўш жой йўқ. Бечора болалар зўрға турибди, улар ҳам икки кундан бери ухламаганди.
Хайрият, тўртинчи меҳмонхонада жой бор экан. Қабулхонадаги аёл билан гаплашдим:
— Беш кишимиз, уч боламиз бор.
— Хўп, тонгги саккизгача жойлашишингиз мумкин, саккизда чиқиб кетишингиз керак, 120 евро бўлади.
Биз рози бўлиб, пулни узатмоқчи бўлиб турганимизда унинг бирдан фикри ўзгариб қолди:
— Йўқ, яхшиси, битта катта хона ўрнига 90 евродан иккита стандарт хонани ола қолинг, 180 евро бўлади.
— Ҳазиллашяпсизми? Украина чегарасидан учта болани олиб келяпмиз, пулимиз тугаяпти, ҳали бензинга ҳам етиши керак, 90 евролик иккита хонани нима қиламиз?
— Унда бошқа меҳмонхонага боринг, лекин барибир жой тополмайсиз.
Бир вақтлар, опамни кўргани кетаётиб, Саша иккимиз шу меҳмонхонада тунагандик. Ўшанда 60 евро тўлагандик. Баъзилар шу оғир вазиятдан ҳам фойда ундириш пайида — чегарада бир-икки кун қолиб кетган украиналиклар тунаш учун исталган пулни беришга тайёр. Шундан фойдаланиб, чўнтагингизни шилиб олишади. Мен ғурурли аёлман, одатда бировга ялинмайман, лекин ўшанда унга бўйин эгишга мажбур бўлдим. 120 евро тўладик. Лекин аёл соат 7:30 да бизни уйғотди:
— Ярим соатдан кейин чиқиб кетишингиз керак!
Чиқиб кетдик ҳам. Йўлда давом этдик. Мен уларнинг кўнглини олишга ҳаракат қилиб кетардим, чунки Саша ухлаб қолмаслиги, болалар эса ёмон нарса ҳақида ўйламаслиги керак. Кўриб турибман: озгина жимиб қолсак, тамом, уларнинг кўзи ёшлана бошлайди. Саша радиони ёқиб, янгиликларни эшитгиси келади, мен эса бунга қарши чиқаман. Бувимнинг ҳикоялари ва ҳазилларини эслаб, йўл-йўлакай айтиб кетаман. Молдовадан, Руминиядан ўтиб, Руминия-Венгрия чегарасида тўхтадик. Биздан олдинда 50 та машина, ҳар дақиқада орқамизга янгиси келиб қўшилади. Хуллас, кечки бешларда чегарага етиб келдик, у ердан эса тонгги еттида аранг жўнаб кетдик. Оқшом ва тунни ўша ерда ўтказдик. Худойим, у ердаги болаларнинг кўплигини! Лекин ҳожатхона йўқ. Қизил Хочга бориб, қаердан ҳожатхона бор, деб сўрадим. Улар эса очиқ далани кўрсатади. Машиналар асосан украиналикларга тегишли, аёллар ҳайдаб бормоқда. Бирорта қимматроқ машинада Украинадан бир амаллаб чиқиб кетган айёр эркаклар ҳам бор, албатта. Улар асосан Молдова чегарасидан ўтади. Чегарада бу дастлаб уч ярим минг евро турганини, ҳозир эса етти минг еврога чиққанини айтишди.
Ниҳоят Польшага кириб борганимизда у ердаги қўллаб-қувватловни чуқур ҳис қилдик. Ҳамма ёқда — Украина байроқлари. «Украина билан биргамиз» шиори ёзилган плакатлар ҳам ҳамма ёққа илиб ташланган.
Варшавага етиб келдик. Квартирада эса учта фарзандимиз, Сашанинг операциядан чиққан адаш хизматдоши ва унинг рафиқаси Полина, шунингдек, уч нафар узоқ қариндошим ҳам бор эди. Бир амаллаб сиғишдик. Аввал катталар полда, болалар эса каравотда ухлади. Мен Саша ва Полина учун уй қидира бошладим. Бир поляк оиласи квартирасидан битта хонани текинга ажратиб берди. Лекин бу бизнинг уларга ортиқ қайғурмай қўйганимизни англатмайди. Сашани касалхонага олиб боришимиз, врач қабулида ҳам у билан бирга бўлишимиз керак, чунки у поляк тилини билмайди.
Жиянларим аввалига ўзини хотиржам тутди. Ёт хонадондаги илк кунни улар бир амаллаб, тишини тишига қўйиб ўтказди. Иккинчи куни эса эгизаклардан бири овқат ейишдан бош тортди. Мен унга: «Ҳозир онангга қўнғироқ қилиб, айтаман», — дейман. У она сўзини эшитиб, кўзидан аччиқ ёш тўка бошлайди. Мен уни қучоғимга олиб, юпатаман. Иккинчиси ҳам йиғлаб юборади. Катта опаси Лера ҳам менга қўшилиб болаларга далда беради.
Кеча қизлар билан баҳорги кийим сотиб олиш учун «Смик» болалар дўконга бордик: улар эгнида пўстин билан келганди. Уларга бирдан жон кирди: «Ана у ўйинчоқни қаранг, ажойиблигини!». Тинч вазиятда бу матоҳни болаларга умуман олиб бермаган бўлардим. Лекин уларнинг кўзи ниҳоят порлади. «Саша, оламизми?» «Ҳаммасини олиб берамиз!» Ўйинчоқлар уларни бошдан кечирган даҳшатли тушидан озгина бўлса ҳам чалғита олса деймиз. Кийимларнинг ўзи ҳаммаси бўлиб икки минг злотийга тушди — Саша бир кун аввал маош олганди, яхши. Хуллас, болалар кеча кун бўйи ўйнаб-кулишди. Бугун эса улар мактабга қабул қилинди, тез орада қатнай бошлашади. Ҳозир имкони йўқ экан — синфлар тўлибди. Мактабга боргани яхши, шу баҳона анча чалғийди ҳам. Мен ҳам ишга қайтишим керак, Сашанинг бир ўзи ҳаммамизни боқолмайди. Боз устига икки ҳафтадан бери ишлай олмади ҳам: ё чегарага гуманитар ёрдам олиб борган, ё чегарадан қочқинларни олиб келган. Кейин мана, болаларни олиб келиш учун Молдова-Украина чегарасига бордик.
Дарвоқе, опамнинг фарзандлари ёрдам дастурига кирмас экан, давлат бизги ёрдам кўрсатмайди. Сейм (Польша Республикаси Миллий Ассамблеясининг қуйи палатаси — «Дарё» изоҳи) томонидан қабул қилинган қонунда фақат Украина—Польша чегарасини кесиб ўтганларга ёрдам кўрсатилиши айтилган. Бизникилар эса бутун Шарқий Европани босиб ўтган ва қонунда кўрсатилган чегарани кесиб ўтмаган. Майли, ҳечқиси йўқ, ўзимиз уддалаймиз. Асосийси, улар тирик ва хавфдан йироқ.
Биз Украинада Софиевская Боршчаговка қишлоғида турардик. Урушнинг иккинчи куниёқ уйимиз вайрон бўлди, энди Украинада бизнинг уйимиз йўқ. Сашанинг онаси Конотопда ҳар тунни бошқалар каби ертўлада ўтказади. Қон босими ҳар куни 180 га 115. Яхшиям, хусусий уйда яшайди, катта ертўласи бор. Сашанинг акаси фарзанд кўрганига бир ярим ой бўлди. Улар Украинада қолган — бошда вазият тез орада ўнгланади, деб ўйлашган, энди эса у ердан чиқиш хавфли. Бензин ҳам аввал бир литри 29 гривен эди, ҳозир 50 гривен, устига-устак, ҳеч қаердан топиб бўлмайди. Сашанинг уч нафар хизматдоши ҳалок бўлди. Биз ахир аввал Конотопда яшаганмиз, у ерда темир йўл чегараси бор. Россия томондаги йигитлар билан дўстлашиб, Қримда учрашгандик. Кейин 2013 йилда мен иш билан Россияга бордим ва Брянскда уларникида тунаб қолиш учун тўхтадик. «Ёзда Қримда кўришамизми?», — дея таклиф қилди Саша. Йигит унга жавоб берди: «Майли, фақат бизнинг Қримда». Бир ойдан сўнг уларнинг барчаси алоқани буткул узиб қўйди. Донбассда тартибсизликлар бошланган вақтда ҳам темир йўл алоқаси узилмади. Одамлар ҳам қатнарди, товар ҳам ташиларди. Порошенко даврида ҳам, Зеленский даврида ҳам савдо ишлари авжида эди.Варшавадан 30 километр узоқликда жойлашган Гродзиск Мазоветски шаҳрида қариндошларим учун ҳам жой топдик. Аниқроғи, тасодифан топилиб қолди. Эрим Варшава университетидан чегарага гуманитар ёрдам олиб борганди. Уй қидириб юрганимизда талаба қизлардан бирининг отаси қизи яшаётган уйни бизга бериб, уни ўз уйига кўчириб кетди. Пул олмади. «Уруш тугагунча ўз уйингиздагидай яшайверинг» — деди. Шундай қилиб, ҳамма уйли бўлди: болалар биз билан, қариндошларим Гродзиск Мазоветскида, эримнинг собиқ хизматдоши Саша ва унинг турмуш ўртоғи Полина Варшавада, бир неча кунлик даволанишда.
Опам эса болаларни менга топширганидан сўнг уларни чегарагача олиб келишга ёрдам берган дугонаси билан ертўлага яна қайтиб кетди. Одессага боққанча пиёда қайтиб кетишди.
Агар осмон доимий портлашлардан қизил тусга кирса, бу жуда ёмон. Агар ора-сира гумбурлаб, чақнаб турса, унча қўрқинчли эмас.Чегарадан бирорта машина ортга қайтмайди, ҳамма бу томонга, Молдовага қараб юради. Қайтиш, албатта, қўрқинчли. Унга сари бўрилар увуллаши ҳам қулоққа чалиниб туради. Шу пайт чегара томонга қараб кетаётган автобус тўсатдан келиб тўхтайди. Опам у томонга анграйиб, камуфляж ва ниқобдаги бир тўда одамни кўради. Уларнинг ким эканлиги ноаниқ. Тоня: «Кимсиз?» — деб сўрайди. Улар: «Ўзингизникилармиз, сизни олиб бориб қўямиз!». Тоня: «Хўп, унда «палянится» денг-чи!» Микроавтобус кулгидан зириллаб кетади. Шундай қилиб, уларни эсон-омон олиб бориб қўйишибди. Опам шундан бери ертўлада. Эр ҳимояда, фақат ҳеч ким уларга қурол бермаган. Уруш қишлоқларимизда даҳшатли тус олди. Шаҳарларда ҳам шу аҳвол.
Изоҳ (0)