Қамчиқ довонидан ўтган автомобиль йўлида 22 март куни ёға бошлаган қор 23 март куни ҳам давом этмоқда. Шу сабабли ЙҲХБ инспекторлари ҳайдовчилардан эҳтиёткор бўлишга, оралиқ масофани сақлаган ҳолда, тезликни меъёрдан оширмасдан ҳаракатланишга чақирди.
«Қамчиқавтойўл» хабарига кўра, йўлларда туман тушган, кўриниш даражаси 500 метрни, ҳаво ҳарорати 2 даража совуқни, шамол тезлиги 6—10 метр/секундни, намлик 89 фоизни ташкил этмоқда. Транспорт воситаларининг бетўхтов, икки томонлама ҳаракатланишини таъминлаш учун тун-у кун йўлларни қордан тозалаш ишлари бажарилмоқда.
Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи Тахтақорача довонида ҳам қор ёғмоқда. «Zamon.uz» томонидан эълон қилинган видеода ушбу довон йўлида ҳам туман тушиб, кўриниш чекланганини кўриш мумкин.
ФВВ ҳам йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида, довон ҳудудида ҳаракатланишда ҳайдовчилардан барча хавфсизлик чораларини кўришни сўради.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзгидромет» 23 март куни мамлакат ҳудудига Волгабўйидан яна нам ва совуқ ҳаво кириб келиши кутилаётганини, айрим ҳудудларида ёмғир ёғиб, қорга айланиши мумкинлигини маълум қилганди.
Изоҳ (0)