Украинада давом этаётган «махсус операция» фонида Россиянинг кўплаб норози фуқаролари, шу жумладан, олимлар, тадбиркорлар, малакали мутахассислар хорижий ўлкаларга чиқиб кетишни афзал кўрмоқда. «Новая газета»нинг махсус мухбири Иля Азар айни дамда Қирғизистонда бўлиб турган IТ мутахассислари ва олимлар билан суҳбатлашди. «Дарё» эса уни ўзбек тилига ўгирди.
Ўш
Станислав (илмий институт ходими):Мен шунчаки оммавий ваҳимага берилдим. Умуман олганда, сўнгги бир неча йиллар ичида Россияда содир бўлаётган воқеаларга унчалик ижобий муносабатда эмасман. Лекин энди (ҳокимият) чегарадан чиқди ва мен ҳамма нарсани ташлаб, муҳожирлик ҳақида бош қотиришга маънавий ҳуқуқим бор. Бошда мамлакатни зудлик билан тарк этиш режаси йўқ бўлса ҳам, саноатимиз ва шахсан ўзимни нима кутаётгани ҳақида жиддий ўйлаб кўрдим.
Нима қилиш кераклиги ва қандай позицияни эгаллаш мумкинлиги тўғрисида турли вариантларни кўриб чиқа бошладик. Қолаверса, кичик бир жамоам ҳам бор, унинг раҳбари сифатида ходимларга ҳам, агар исташса, кўчиб ўтиш имкониятини яратишни хоҳлардим. Бундан ташқари, кўчишни истамайдиганлар учун лабораториянинг ёпилиши оғир зарба бўлмаслиги керак. Лекин (ходимлар масаласи бўйича), ростини айтсам, ҳалигача аниқ режа тузмадим.
Ўтган ҳафта ёппасига ваҳима кўтарилиб, шу даражага етдики, чегара ёпилиб, ҳарбий ҳолат эълон қилиниши кутилаётгандек эди гўё. Бунинг эҳтимоли камдай кўринади, аммо бошқа томондан, уруш эҳтимоли ҳам кам кўринганди. Бирор нарса содир бўлмаслигига ишончим комил эди. Улар бир-бирини қўрқитади, бир-бирига қарши санкциялар қўллайди ва баъзи мақсадларига эришиб, тарқалади, деб ўйлагандим. Бироқ кейин воқеалар ривожи қор кўчиши каби шиддатли тус олиб, мен ваҳимага тушиб қолдим. Март ойидаги таътил режасини ўзгартириб, Қирғизистонда дам олиш керак деган қарорга келдим.
Қиз дўстимнинг хорижга чиқиш паспорти муддати ўтиб кетганди, пандемия туфайли буни пайқамагандик, шу сабабли олдимизда иккита танлов турарди: Арманистон ва Қирғизистон. Лекин Арманистонда одам тўлиб кетди. Москвадаги бутун IТ ҳамжамияти ўша ерга кўчиб ўтди, чамамда. Боз устига, чипта нархи ҳам жуда қиммат.
Қиёмат қўпмаслиги ва вазият ёмон бўлса ҳам, қандайдир мувозанатга келишидан умид қилавераман. Шунда Москвага қайтиб, зиммамдаги масъулиятни қўлимдан келганича бажарардим, чунки талаба ва аспирантларни шунчаки ташлаб кетолмайман. Ҳозирча эса воқеаларни ташқаридан кузатиб, бироз тинчланиб олмоқчиман.
Мен кўп вақтимни хорижда ўтказдим. Россияга ўз ихтиёрим билан қайтишдан олдин чет элда постдок (постдок — бир қатор Ғарб давлатларида мавжуд бўлган академик тадқиқотчи фаолиятидаги босқич — таҳр.) сифатида фаолият юритганман. Адашмасам, Болотка (воқеалари) вақтида эди. Вазият таранглашаётгани ўшандаёқ сезила бошлаганди, албатта. Лекин руҳимиз ҳам кўтаринки бўлган. Норозилик намойиши бесамар кетган тақдирда ҳам, расмийлар халқ муносабатини инобатга оладигандай кўринарди. Либерализация бўлмаса ҳам, камида, вазиятни аста-секин барқарорлаштиришни бошлайдигандай эди. Эътиборга молик яна бир жиҳат — ўшанда иқтисодий ўсиш кузатилиб, илм-фан ҳам сезиларли даражада ривожланган! 1990 йилларда ва 2000 йиллар бошларида содир бўлган ҳодисалардан сўнг илм-фанда маблағ ва ёрқин истиқбол пайдо бўлган. Масалан, «Сколково»га ҳам, тахминан, ўша вақтлари асос солинган. Мен учун Россияда очилмаган имкониятлар кўплиги қизиқ кўринарди, чунки Ғарбда соҳалар анча тизимли йўлга қўйилган бўлиб, нимани қандай қилиш кераклиги аниқ эди. Кейин ҳамкасбларим билан ажойиб ишга қўл урдик — жаҳон стандартларига мос лаборатория яратишга муваффақ бўлдик.
Лекин сўнгги пайтларда иш жуда орқага кетди. Россияда илм-фан ва технологиялар билан шуғулланиш, хорижий ускуналарни сотиб олиш қийинлашди. Айни вақтда чет эллик ҳамкорлар Россия билан яқин орада ҳеч қандай олди-бердилар бўлмаслигини очиқ билдирди. Ўйлашимча, бундай чекловлар жуда тез кучга киради, бекор қилиниши эса ҳаддан ташқари секин кечади. Бу энди руҳият билан боғлиқ. Биздан ростакамига қўрқишади, Ғарбий Европа илмий ҳамжамияти эса ваҳимага тушиб қолган кўринади. Германияда россиялик олималар билан барча қўшма лойиҳалар бекор қилиниши ҳақида сал кам вазирликлар миқёсида фармонлар қабул қилинмоқда.
Олимларга қарши давлатга хиёнат қилиш бўйича очилган жиноий ишлар сони бир неча баравар ошди. Бу ҳам огоҳлантирувчи сигнал, лекин вазият янада оғирлашиши кутилаётган бўлса ҳам, ҳозирча бу ҳар бир оилада содир бўлгани йўқ. Шунга қарамай, масалан, чет элликлар билан учрашувларим ҳақида ҳисоб беришга мажбурлигим жиғимга тегади. Очиқ муассасада ишлашимга қарамай, Таълим ва фан вазирлиги хорижликлар билан кечаётган ҳар бир алоқани ҳужжатлаштириш керак, деб билади. «Сколково»да чет эллик ҳамкасбим бор. Уларга кўра, ҳар бир учрашувдан кейин мен у билан нимани муҳокама қилганим ҳақида ҳисобот топширишим керак. Шу билан бирга, халқаро ҳамкорлик биз учун муҳим, ишдаги муваффақият даражамиз халқаро журналлардаги чиқишларимиз сонига қараб белгиланади. Телба-тескари вазиятда қолдим.
Болотная майдонига бордим. Facebook’да ўз фикрингни билдира олмаслик менинг ҳам ғазабимни қўзғайди. У ерда кўп ёзмаслигим шундай имкониятга эга бўлишни истамаслигимни англатмайди. Имкониятдан фойдаланмаслик ва бу имкониятга эга бўлмаслик — бошқа-бошқа нарса. Олимларининг урушга қарши хатига имзо чекдим. Ўйлашимча, бунинг ҳам маъмурий жавобгарлиги бор. Лекин бу мени унчалик қўрқитмайди, барча университет ва институтлардаги имзо қўйган олти минг кишини қатағон қилишмаса керак. Бу ошиб тушган жиннилик бўларди! Агар (олимларни) қўрқитиб, тумтарақай қочириб юборишса, унда Россияда ким илм-фан билан шуғулланади?
Шусиз ҳам технологик жараён ривожланишдан бутунлай тўхтаб қолгани очиқ кўриниб турибди. Билмадим, буни қандай тушунмаслик мумкин? Раҳбарият, албатта, аксинча бўлишига умид қилади — импорт ўрнини босиш учун қандайдир туртки бўлишини истайди, лекин улар ҳам одамларни бунга илҳомлантириши керак.
Илгари четдан сотиб олинган барча нарсаларни эндиликда ўзимиз ишлаб чиқаришимиз кераклиги мўлжал қилиняпти. Бу яхши, лекин энди буни амалга ошириш қолди. Чет эл ускуналари кириб келмайди, биз эса экспериментал фандаги замонавий лаборатория 98 фоиз импорт ускуналар ҳисобига ишлашини унутмаслигимиз керак.
Илм-фан билан шуғулланиш ўрнига, ўн йил давомида бу ускуналарни ишлаб чиқарамиз ва пойгада ҳеч қачон ютолмаймиз. Шу тариқа, қониқарли даражадаги технологик тенгликка эриша олмаймиз. Бизнинг яримўтказгич заводларимиз ҳеч қандай замонавий чипларни ишлаб чиқаришга қодир эмаслиги энди ҳаммага аён бўлади.
Ғарб ўрнига Хитой билан ҳамкорлик қилишнинг нимаси яхши эканини унча тушунмайман. Унда биз Хитойнинг ўртакашига айланамиз. Украина можаросида Россия учун ДХР ва ЛХР қандай роль ўйнаган бўлса, биз ҳам Хитой учун шундай рол ўйнаймиз. Улар пушкали телбалар эди, биз Хитой учун жанговар каллаклар билан қуролланган телбалар бўламиз.
Ўйлашимча, чет элда ҳозир русларга ҳеч кимнинг кўзи учиб тургани йўқ. «Рус» сўзига нисбатан бир муддат аллергия сақланиб туради, чунки у томонда ҳам қандайдир жазава кузатиляпти. Бундан қутулишни, очиғи, жуда истардим, лекин одамлар ҳамма жойда бир хил. Масалан, одамлар илмий мақолаларимизга тақриз ёзишда ўзи умуман сезмаган ҳолда пастроқ баҳо беради ёки ишимизни ҳатто расман бузишга қарор қилади.
Visa ва Mastercard кетиши ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрилмаган, деб ўйлайман. Чет элда истиқомат қилаётган руслар манфаати ҳақида ҳеч ким ўйламаган бўлса керак. Ўйлаган бўлса ҳам, улар буни арзимас (зарар) деб ҳисоблаган. Санкциялар исканжасида қолдик, кўплаб компаниялар бу ишни ҳукумат талабига кўра эмас, балки ўз ихтиёри билан қилди. BML’да (Black Lives Matter — қора танлилар таҳқирланишига қарши оммавий ҳаракат — таҳр.) бўлгани каби, меъёридан бироз ошириб юборишди. Ҳатто астрофизикада ҳам хилма-хиллик ва тенглик тўғрисидаги бандни киритиш талаб қилинган абсурд вазиятлар бўлди.
Мен доимий алоқада бўлган кишилар ичида деярли ҳамма кетишни истайди. Одамлар ҳозирча кўчмас мулк ва иш масалалари ҳақида бош қотирмоқда. Умуман олганда, ҳозир университет битирувчиларининг кўпи Ғарбга кетиш ҳақида ўйлайди, кам сонли талабаларгина ўқишни аспирантурада давом эттиради.
Россияни шундай аҳволга солиб қўйган давлатчилик ривожига ортиқ ҳисса қўшишини истамайман. Ахир ҳукумат учун ишлайман. Сиёсат билан эмас, илм билан машғуллигимизни айтиб, ўзимни оқлашим мумкин, лекин бу унчалик тўғри бўлмайди. Биз давлат муассасасида ишлаймиз, турли молиялаштириш манбаларидан, жумладан, ҳарбий соҳадагига яқин давлат грантларини оламиз. Бу эса руҳиятимизга салбий таъсир қилади.
Алексей (IT-мутахассис) ва София (уй бекаси)
София:
Кетмоқчи эмасдик. Ҳар ҳолда бунчалик тез кетиш ниятимиз йўқ эди. Лекин уйдан чиқиб, эшикка чизиб кетилган «Z» белгисини кўрдиму кетиш кераклигини тушундим. Содир бўлаётган воқеаларни ҳақиқатан қўллаб-қувватлаётганлар борлигини кўрдим. Кўчада одамларнинг гапини эшитиб, оғзим ланг очилиб қолди. Ўзимни йўқотиб қўйдим ва бу одамлар билан ортиқ бир ҳаводан нафас ололмаслигимни тушундим. Бир кунда қарор қабул қилиб, ўша куннинг ўзидаёқ учиб кетдик.
Алексей:
Компания кўчиб ўтишни таклиф қилди ва биз имкониятдан фойдаландик. Кўп ҳамкасбларимиз қолди — оиласи, фарзандлари, мактаблари, ота-оналари, бобо ва бувиларига ғамхўрлик қилиш учун. Кўплаб дастурчилар кетди, чунки компаниялар офиси, асосан, Европа ва Америкада, ходимларни кўчириб ўтиш имконияти кўпроқ.
Ўйлашимча, улар умрбодга кетмади, лекин вазият барқарорлашгунча ўша ёқда қолишади. Қариндошлар, дўстлар, бойлик, шахсий мулк, уй ҳайвонлари ватанда қолди. Вақтинча шу ерда бўлиб турамиз, аммо компания муаммоларни ҳал қилиб, турли вариантларни кўриб чиқмоқда.
Facebook’да айрим нарсаларни ёза олмаслигинг, албатта, ёқимсиз, лекин ундан ҳам жиддийроқ сабаб шундаки, Россияда IT-бизнесни аввал бошқаришга, кейин аста-секин бўйсундириб, охири ёпиб ташлашга ҳаракат қилишади. Европа ва Америка бозорлари Россия учун ташқаридан ҳам, ичкаридан ҳам аста-секин ёпилади. Ташқи санкцияларга бир амаллаб чидаш мумкиндир, вазият барқарорлашса, улар олиб ташланишига умид бордир, лекин ичкаридаги аҳвол бундан анча мураккаброқ. Давлат IТ’ни бўйсундиришга қарор қилган бўлса, бу тамом дегани. Шу сабабли кўпчилик учун кетиш қарори оғир ва ёқимсиз бўлса-да, бошқа чора йўқ.
София:
Эркин ОАВлар ёпилгач, биз кетишга қарор қилдик.
Алексей:
«Серебряний дожд» барча эшиттиришларини тўхтатиб, фақат мусиқалар бериб боришини айтгани ҳам кетишга туртки бўлди. Ҳозир сиёсатга аралашмасликнинг имкони йўқ, чунки содир бўлаётган воқеаларга кўз юмиб, қандайдир баҳоналар ўйлаб топиш қийин. Лекин бу йигирма йилдан бери давом этиб келаётган жараённинг муқаррар натижасидир. Илгари президент ва ҳукумат сиёсати ўзгаришига қандайдир умид бор эди, энди шу умид ҳам йўқолди.
Ҳозир русларга ҳеч кимнинг кўзи учиб тургани йўқ, шунинг учун энг тўғри йўл — миллатинг ҳақида унутиб, мутахассис сифатида бориш. Русларга ҳозир қийин, чунки жаҳон ҳамжамияти қандай кайфиятда эканлиги аниқ ва бунга қарши нимадир дейиш ҳам мушкул. Лекин барибир кимдир муҳожирлар, мутахассислар, зиёли шахслар қаршисида руслар шарафини ҳимоя қилиши керак.
Иван (IТ ходими):
Мен вазиятга прагматик тарзда, ҳушёрлик билан қарайман: мамлакатда юзага чиқиши мумкин бўлган қисқа ва узоқ муддатли хавфлар мавжуд. Бу хавф-хатарларнинг кескинлик даражасини ҳар ким ўзича белгилайди. Кимдир уруш бошлангани ва кўчада қурол кўтарган одамларни кўриб, яна кимдир Болотная майдонидаги илк митинглар тарқатиб юборилгач, кетди.
Айтганча, дўстларим билан Болотнаяга ҳам борганмиз. Мақсад аниқ, биз, норозилик намойишига чиққандик. Ўша вақтлари оиласиз эдим, биринчи митингда хавф даражаси ҳам ноаниқ бўлган. Кейин иштиёқ негадир сўниб қолди — давлатнинг қўрқитишга асосланган сиёсати самара берганди. Ўзимни пассив мухолифатчи деб аташим мумкин, лекин Навальнийга пул ўтказган вақтларим ҳам бўлган.
Маълумот манбаси кўп бўлган ва эшитганини таҳлил қила оладиган дўстларимдан 60 ёшгача бўлган эркаклар мамлакатдан чиқиши тақиқланиши мумкинлиги ва ҳарбий ҳолат ҳақида эшитгач, кетиш ҳаракатига тушиб қолдим. Бу ҳам етмагандек, сохта хабар тарқатганларни жиноий жавобгарликка тортувчи қонун лойиҳаси таклиф қилинганда сабр косам тўлди. Соат тунги беш эди. Иш бўйича мен тингловчилик қилаётган охирги Zoom конференцияси вақтидаёқ чипталарни кўриб чиқа бошладим. Соат 11 да — учинчи уринишда келаси кун тонгга Ўшга чипта брон қилишга муваффақ бўлдим.
Сохта хабарлар ҳақидаги қонунга тоқат қилиш мумкин, лекин бу менинг ахлоқий қадриятларимга тўғри келмайди. Мен ёш бола эмасман, онгли равишда қарор қабул қиламан. Бу ҳукуматни мен танлаганим йўқ, лекин ҳар бир халқ ўзи муносиб бўлган ҳукмдорга эга. Менинг ўғлим бор, у ҳам бу тузумни ва қайси мамлакатда туғилишни ўзи танламаган. Шу сабабли у улғайганда менга битта савол бериши мумкин. Унинг ўрнида мен ҳам бу саволни отамга берган бўлардим: «Биз бу чиқиндихонага қандай тушиб қолдик?»
Болотнаядан кейинги бир воқеа эсимга тушди: намойишларга умуман алоқаси йўқ бир одам бардан чиқаётиб қўлга олинганди. Агар ўғлим қўлга олинганида, юмшоқ қилиб айтганда, кайфиятим қаттиқ бузилган бўларди, шундай бўлгани учун ўзимни айбдор ҳис қилардим. Шу сабабли ўғлим бирорта нормал хавфсиз мамлакатда яшаши учун ҳаракат қиламан. Агар хоҳласа, истаган вақтида қайтиши мумкин — ҳеч ким ундан Россия ватандошлигини олиб қўймайди.
Учинчи мартга белгиланган очиқ дарс ҳақидаги хабар ҳам бу борада катализатор вазифасини ўтади ва мени ўрнимдан қўзғатди. Катталар устидан ташвиқот ўтказишни тушунса бўлади. Лекин мактабдаги болаларга «махсус операция» ҳақида гапириш — ошиб тушган тубанлик.Россияни биринчи марта тарк этмаётганим боис, менда аллақачон маълум бир фикр шаклланган. Мен, умуман олганда, космополитман ва «фуқаролик», «мамлакат», «давлат» тушунчаларини ажрата оламан. Бу менинг профессионал деформациям бўлиши мумкин, лекин мен учун мамлакат — маълум бир маҳсулот, солиқлар эвазига тақдим этиладиган хизматлар тўплами. Сенга ёқмайдиган ёки тўғри келмайдиган хизматлар учун пул тўлашдан нима наф? Ҳар бир инсон ўзи яшаётган мамлакатни ўзи ва оиласи учун кўрсатилаётган хизмат тури сифатида ўзгартиришга ҳақли. Россияда яшаб ҳам рус бўлиш мумкин, Австралияда яшаб ҳам рус бўлиш мумкин.
Менимча, хорижликлар рус халқи ва рус ҳукумати бошқа-бошқа нарсалар эканлигини тушунади. Ҳеч қандай русофобия йўқ. Бир йил давомида Европа Иттифоқидаги иккита мамлакатда яшаб, ундан аввалроқ «Қрим ҳикояси» бўлиб ўтганига қарамай, Россияга нисбатан ҳеч қандай салбий муносабатга дуч келмаганман. Аниқ мисол билан тушунтираман: Европа Иттифоқи давлатларидан биридаги қишлоқда яшардим. Қўшнилар билан илк бор учрашганимда ҳар қандай масала бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилишим мумкинлигини айтишганди. Бир куни мени кўришга келаётган танишларимни аэропортда кутиб олишга кетаётганим, лекин бўрон кўтарилиб, темир йўл хазонлар билан қопланиб қолди, поездлар бекор қилинди. 150 километр наридаги аэропортга етиб олиш учун қўшнилардан машина сўрадим, улар эса қўлимга машина калитини тутқазди. Бир тожик ёнимга келиб: «Вокзалдаги дўстларим ёнига боришим керак, машинангни бериб тур», деса, қандай жавоб қилишимни тасаввур қиляпман. Унга калитни бермаслигим аниқ.
Қаерда яхшироқ муносабатда бўлишларини таққослаш мумкин: чет элдами ёки сени арзимас баҳона билан қамоққа олишлари мумкин бўлган ўз ватанингда?
Ғарб компаниялари бозоримиздан чиқиб кетиши, умуман, санкциялар билан боғлиқ (эҳтимол, Путин ва унинг атрофидагиларга қарши санкциялардан ташқари) деярли барча қарорлар одамларга таъсир қилади. Айниқса, тўлов карталари (Visa ва Mastercard) билан боғлиқлари ва бу, менимча, атайин қилинган. Путин атрофидагиларга қарши чора-тадбирлар самара бермагач, улар оддий одамларга қарши чораларга ўта бошлайди. Хорижий тўлов тизимлари Россия бозорини қанча муддатга тарк этиши номаълум, ҳозирча бошқа мамлакатдан карта очтириш мумкин. Россиядан маош олишда давом этаркансиз, бу муаммо сиз учун долзарблигича қолади. Агар қаёққадир узоқ муддатга кетишни режалаштираётган бўлсангиз, муаммо тез орада сиз учун аҳамиятини йўқотиши ҳам мумкин. Худога шукр, қариндошларим бор. Агар мамлакатдан чиқишни бутунлай тақиқлаб қўйишмаса, улардан ўзимга керакли бирор нимани олиб келиб беришни илтимос қилишим мумкин. Лекин мен, чамамда, Россиядаги моддий дунёдан ажралишни ихтиёр қилдим. Барибир бу ҳаётдаги энг муҳим нарса эмас.
Режам бор — турмуш даражаси озми-кўпми яхши бўлган қайсидир мамлакатни топиш. Ё масофадан ишлашни давом эттириш, ё хориждан иш топиш. Бу нарса муаммо туғдирмаса керак, чунки соҳамга талаб катта, инглиз тилини ҳам яхши биламан. Резюмега аллақачон жавоб қайтаришди ва ҳеч ким: «О, Худо, йўқ! Сиз, ахир, россияликсиз-ку!» — дегани йўқ.
Игорь (IТ соҳасида фрилансер) ва Ангелина (дастурчи):
Игорь:
Бошда қуруқлик орқали Грузияга жўнаб кетишни режалаштиргандик. Мен учишдан ўлгудай қўрқаман. Ҳаётимда фақат саратон касаллигидан даволаниш учун самолётга чиқишга рози бўлардим. Лекин содир бўлган воқеа ҳам саратон каби бунга зарурат туғдирди. Шу боис, Юқори Ларс довони (Владикавказ ва Тбилисини боғловчи йўл) ёпилгани ва ҳар кунимиз ҳисобли экани маълум бўлгач, Ўшга энг арзон чиптани сотиб олдик.
Чегарачиларимиз аэропортда сўроқ қилиши ҳақида эшитиб, бунга тайёргарлик кўрдим, телефондан ортиқча нарсаларни ўчириб ташладим. Лекин сафарга нима мақсад билан чиққанимиз ҳақида сўрашди, холос.
Иккита нарсадан ташвишланаётгандим. Биринчидан, Украинадаги «махсус операция» қандай кетаётганига гувоҳ бўлиб турибман. Шунга кўра, сафарбарлик эълон қилинишидан қўрқаман.
Иккинчидан, мен фрилансер сифатида чет эллик иш берувчилар учун ишлайман ва энди иш ҳақимни, хорижий банкдаги ҳисобдан ташқари, қандай олишим мумкинлигини билмайман. Қирғизистонда ҳам бошланишига картани олиш муаммо, чунки PayPal ёпиқ, Payoneer ёпиқ, Visa ва Mastercard ҳам аллақачон ёпилди.
Ангелина:
Умуман олганда, яқин ҳафталар ёки ойлар ичида иқтисодий вазият кескинлашса, шаҳарларда талончилар кўпайиб кетишидан хавотир бор эди. Мен эса чегаралар ёпилиб, хавф-хатар ичида қолишдан кўра, воқеалар ривожини ташқаридан кузатишни истардим.
Игорь:
Агар Россияда қолсангиз, унда сувдан тинчроқ ва майсадан пастроқ бўлишингиз керак. Чунки Россия ҳукумати учун энди ўзини сипо тутиб, демократияга амал қилишдан, ҳатто ўзини шундай кўрсатишдан маъни йўқ. Шу сабабли, менимча, энди жилов қаттиқ тортилади, барча ижтимоий тармоқлар кучли назорат остига олинади. Ҳатто айрим пост ёки твитни ўчиришни унутган бўлсангиз ҳам, хавфсизлик кучлари сизнинг ҳисобингизга елкасидаги юлдузлар сонини кўпайтириб олади.
Ангелина:
Намойишда бир мартагина қатнашдим, жараённи кузатдим. Одамлар кайфиятига қараганда, у анча қувноқ руҳда ва Навальний учун ўтказилган митинглардан кўра анча жиддий эди. Шу билан бирга, қатнашувчилар сони ҳали ҳам озчиликни ташкил қиларди. Одамлар ўта тинч намойишларга аранг ботинмоқда, блогер ва сиёсатчи Максим Кас ўтказган ижтимоий сўровларда фуқароларнинг аксарияти «махсус операция»ни қўллаб-қувватлашини айтди. Бу жуда ачинарли.
Бундай шок ҳолатини охирги марта 2018 йилги сайловда сайлов комиссияси аъзоси сифатида ишлаганимда бошдан кечиргандим.Одамлар чеҳрасига, кайфиятига қараб, сайловчиларнинг 70 фоизи амалдаги ҳукуматни қўллаб-қувватлашини англатувчи рақамлар бир мунча ҳақиқат эканини сезгандим. Қандайдир ички ўзгаришлар бўлишига умид йўқолди.
Игорь:
Владикавказга келсам, у ерда ҳатто такси ҳайдовчиларида ҳам Путин тўғри иш қилганига, биз ҳозир ҳужум қилмасак, уларнинг ўзи бизга ҳужум қилишига ишонч бор эди. Катта шаҳарларда сен каби фикрловчи кишилар кўплигини ҳис қилсанг, аҳоли турмуш тарзи нисбатан оғир минтақаларда ҳозирги воқеаларни қўллаб-қувватловчилар чиндан ҳам жуда кўпчиликни ташкил қилишига гувоҳ бўласан.
Сиёсатга кўп аралашавермайман, лекин ҳамма нарсани ўз номи билан аташни маъқул кўраман. Мен маълум бир нейтрал позицияни сақлашга тиришаман ва Украина пропагандасига ҳам ўзимизникидан кўра яхшироқ муносабатда эмасман. Аммо мендаги энг холис позиция ҳам рус ҳукумати наздида аниқ душманона бўлиб чиқади. Қарабсизки, жиноий жавобгарликка тортиш учун осонгина далил келтириш мумкин бўлади.
Ангелина:
Кўпчилик дўстларим 22 февралдан кейин икки ҳафта ичида мамлакатни тарк этди. Ҳатто миллатчи ва империалистик қарашдаги танишлар ҳам кўчиб кетиш бўйича ижтимоий тармоқда гуруҳлар очиб, оммавий равишда қоча бошлади. «Империя»ни фақат интернет орқали қўллаб-қувватлашни маъқул кўришди. Мен бироз шокка тушиб қолдим.
Игорь:
Москвада яқин дўстларимдан атиги уч киши қолди, улар ҳам кетмоқчи, бири эса Nvidia’нинг катта муҳандиси сифатида олиб кетилишини кутмоқда. Қолганларининг барчаси, ҳатто юзаки таниш бўлган кишилар ҳам кетди.
Кўпчилик IТ мутахассислари кетяпти, чунки уларда пул кўпроқ. Агар Россия ўз ватандошларига, айтайлик, Европадан беш баравар камроқ ҳақ тўлаганида, улар шунчаки ўша ёққа жўнаб кетарди. Бундан ташқари, хорижий компаниялар учун ишлайдиган кўплаб IТ мутахассисларида жиддий муаммо туғилди: улар иш ҳақини энди қандай олади? Гап Twitter, Facebook каби тармоқлардаги шахсий фойдаланиш ҳақида бўлганида эди, унда VPN’га суяниш мумкин бўларди. Лекин агар сиз Oracle, SAP расмий хизматларига эҳтиёжи бор расмий компания бўлсангиз, «тўғри» йўлдан юришга мажбурсиз, бу эса имконсиз. Қизиқ ҳолат юзага келади: «эгри» йўл тақиқланган, тўғри йўл эса ёпилган бўлса, унда қандай ишлаш керак?
Ангелина:
Янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш режаси бўйича, эҳтимол, IТ сегментида катта миллийлаштириш содир бўлар. Шу билан бирга, бозорда маҳаллий қидирув тизими кўринишида кузатилаётган уринишлар унчалик илҳомлантирмайди. Бунинг устига, одамлар аввалгидан анча паст маош эвазига ишлашга кўниши жуда қийин.
Игорь:
Энди бутун дунё бўйлаб русофобия авж олишини чуқур ҳис қиляпман: Европа, Америка ва бошқа мамлакатларда шундай бўлмоқда. Бу, назаримда, Украина воқеаларидан бироз олдин Ғарбда cancel-culture (ваколатли шахс ёки гуруҳни ҳуқуқий, ижтимоий, ахлоқий қилмишлар учун жавобгарликка тортиш усули — таҳр.) етарлича кучли ривожлангани ва улар маълум бир гуруҳга кирувчи кишиларни номақбул деб топишни жуда ёқтириши билан боғлиқ.
Энди, албатта, жамоавий масъулиятни асосий иши сифатида ўз зиммасига олган кишилар бу рўйхатга русларни ҳам киритади. Бошқа томондан, бир нарсани тушунишимиз керак, Ғарбда cancel-culture’га қарши курашаётганлар, яъни рационалистлар ҳам бор. Мен Пол Грем, Элиезер Юдковскийни ўқияпман — улар жамоавий жавобгарлик ғоясига қатъиян қарши ва кўпинча, масалан, оддий русларнинг чет элга саёҳат қилишини қийинлаштиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга қарши чиқади. Муаллифлар фикрига кўра, улар Путинга кўпроқ солиқ тўлаб, Украина можаролари ҳал қилинишига ёрдами тегмайди, аксинча халақит беради.
Ангелина:
Украиналиклар: «Яхши яшамоқчи бўлсангиз, митингларга чиқинг», — дейиши хафа қилади. Қандайдир ўзгариш бўлиши учун аҳолининг катта қисми норозилик билдириши керак. Озчиликнинг қўлидан ҳеч нима келмайди. Мамлакатни тарк этсанг, одамлар сенга нафрат билан қарайди.
Игорь:
«Нима учун бундай тузумга чидаб юргандингиз?» деб сўрайдиган сўзамоллар муносабати ҳам дилни оғритади. Шу ўринда савол туғилади: ўзингиз (бошқа давлат раҳбарларига қарата айтилмоқда) Путин билан мулоқот қилиб кўрдингизми? Яқингача ундан нефть ва газ сотиб олиш мутлақо нормал ҳисобланарди. «Махсус операция»ни бошлаш қарори биз руслар учун ҳам Ғарб учун бўлгани каби кутилмаган воқеа бўлди.
Умуман олганда, мен либерал қарашдаги инсон сифатида доим Путинни эмас, балки Навальнийни қўллаб-қувватлаганман. Лекин мен ҳам мухолифатга ашаддий мухлис эмасман, чунки у асли фойдасиз иш билан шуғулланаётганини билмайди. Ҳозир ичкаридан курашиш бефойда, чунки, бахтга қарши, аҳолининг катта қисми биз томонда эмас. Тўғри, мен Путин қачондир рус элитасининг жонига тегади, деб ўйлагандим. Аммо улар аллақачон бор-будини йўқотганига қарамай, ҳеч қандай чора кўра олмаётганига гувоҳ бўляпман.
Ангелина:
Энди Грузияга боришни режалаштиряпмиз, дўстларимиз ўша ерда. Ҳозирча бир йилга бўлса ҳам, яшаш учун рухсатнома олиш имконияти мавжуд. Ёзни Тбилисида ўтказгандим, шаҳар менга жуда ёққанди. Бундан ташқари, талаба сифатида бирор жойга ўқиш визаси билан бориш ҳақида ўйлай бошладим.
Игорь:
Бир вақтлар Таиландда бир ярим йил яшагандим, лекин виза билан боғлиқ югур-югурлардан безганим учун қайтиб келгандим. Муаммони озгина пул эвазига ҳал қилиш мумкин бўлган ёки ҳал қилишга умуман эҳтиёж бўлмаган жойни топишни истайман. Санкт-Петербургда яқинда сотиб олинган шахсий квартирам борлигига қарамай, Россияни узоқ муддатга тарк этганимни яхши биламан. Эндигина ўрнашиб олган шинам уйимни тарк этишга мажбурлигим алам қилади. Лекин бу йил қайтишим даргумон эканлигини тушунаман ва ҳозирги ҳукумат даврида қайтиш хавф туғдириши мумкинлигидан қўрқаман. Қачондир яна шундай нарса содир бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Менимча, яқин орада Россияда аввалгидай яшаш имконияти пайдо бўлмайди.
Николай (саноат ускуналарини харид қилиш бўйича мутахассис), Мария (дизайнер) ва Артём (молия ташкилоти ходими)
Николай:
Мен Украинада туғилиб, у ерда 12 йил яшаганман, кейин Россия фуқаролигини олиб, Москвага кўчиб ўтганман. Рус тилида сўзлашаман, лекин иккита ватаним бор, деб биламан — Россия ва Украина. Москвага келиб, таълим олдим, рус армиясида хизмат қилдим, Россияда ишладим. Лекин ҳарбий ҳолат эълон қилиниши ҳақидаги миш-мишлардан сўнг кетишга қарор қилдим. Украинага урушга юборишларидан қўрқаман, чунки ўзим ҳам украинман.
Чегаралар ёпилиши, маҳсулотларнинг жиддий танқислиги, нархлар ошиши ва цензурадан қўрқаман. Сабабсиз қама-қамалар, қандайдир қидирувлар, кузатувлар. Бу том маънода цензура ва қонунсизлик дегани. Баъзан митингларга чиқиб турардим, лекин ҳозир қўрқаман, чунки шуни деб қамаб қўйишлари мумкин. Уяламан, чунки одамлар ёрдамга муҳтож, менинг эса ёрдам беришга қодир эмасман.Режам — яшашимиз мумкин бўлган бирор мамлакатда бир-икки ой туриш. Кейин кўрамиз.
Мария:
Қайтишдан қўрқаман. Тинимсиз қалтираяпман, чунки асабий зўриқиш бор. Instagram’да кузатиб борадиган кишиларим мамлакатдан чиқиб кетаётганини кўряпман, дугоналарим ёзган пости учун полиция томонидан қидирилмоқда. Ҳамкасбимнинг дугонаси мамлакатни тарк этди, у ҳам қидирувда. Ижтимоий тармоқларда баъзи нарсаларни ёзиб турардим, лекин онам ва Николай ҳаммасини ўчиришга мажбур қилди. Қонун қабул қилинишидан аввал ўчириб ташладим. Чет элга чиқиш паспорти йўқлиги ҳамма нарсани мураккаблаштириб юборди. Уни бир амаллаб қўлга киритиш умидидаман. Бунинг учун мамлакатга қайтиб боришдан қўрқаман, кўрамиз, нима бўларкан. Вариантлар орасида Исроил ҳам бор, чунки ота-онам аллақачон у ернинг фуқаролигини олган.
Мен мебеллар билан шуғулланардим ва интерьер дизайнига қизиқардим, энди эса Россияда бунинг ҳеч кимга кераги бўлмай қолди. Активист эмасман, ўз ҳаётим учун қайғураман, бундан уяламан, лекин ўз ҳаётим билан яшашга ҳаракат қиляпман.
Николай:
«Эхо» ёпилгани мен учун зарба бўлди, шундан кейин ҳамма нарсани тўғри қилганимни тушундим. 2021 йилги референдумдан олдин мендан Россияни қандай шароитда тарк этишим мумкинлиги ҳақида сўрашган. Мен эса «Эхо» ёпилса, кетишимни айтгандим. Бир йил ўтгач, шу саволни берган қиз менга «Эхо» ёпилгани ҳақида ёзди. Мен эса аллақачон кетганимни айтдим.
Артём:
Мен молия ташкилотида ишлайман, санкциялар бизга жуда қаттиқ таъсир қилди. Иш билан боғлиқ фаолиятим шусиз ҳам ўзгарарди. Лекин уруш хабарининг ўзи мени маънавий жиҳатдан синдирди. Очиғи, бундай бемаъниликни умуман кутмагандим. Сафарбарлик билан боғлиқ нарса, эрта тонгдан ҳарбий ҳолат эълон қилиниши мумкинлиги, валюта сотиб олишда 30 фоиз тақиқ қўйилиши ҳақида ўқидим...
Қамалга олинган қалъа ичида қолишни истамаганим учун ҳам кетишга қарор қилдим. Буларнинг барчаси эълон қилингунига қадар ҳам кетиш қарори бор эди. Катта эҳтимол билан Исроилга жойлашаман, лекин ҳужжатлар билан боғлиқ барча муаммоларни ҳал қилиш учун бироз вақт керак бўлади — ҳозир Исроилда бу хизматга талаб жуда катта. Аҳвол бироз мўътадиллашса, Москвага қайтиб, нарсаларимни, ҳужжатларимни йиғиштираман ва Исроилга жўнайман. Агар ҳеч нарса ўзгармаса, унда Ўшдан тўғри Исроилга кетишга мажбур бўламан. Аммо қарорим қатъий.
— Вазиятни ичкаридан ўзгартиришга ҳаракат қилиш керак, деган ундовга қандай қарайсиз?
Артём:
Нима ҳам дердим, менинг ўз ҳаётим бор!
Николай:
Ниманидир ўзгартиришга бўлган ҳаракатинг глобал миқёсда бўлмаса ҳам, самарали бўлса, уриниб кўришга арзийди. Лекин митингга чиқсанг, қамаласан, ҳеч нарсани ўзгартиролмайсан. Ундан кўра, бўлаётган ҳодисалар ҳақида имкон қадар кўпроқ русларни хабардор қилишни афзал кўраман.
Бишкек
Егор (пишлоқ ишлаб чиқарувчи)Мен Аркадий Новиков учун бутун Россия бўйлаб пишлоқ цехларини очганман, бир йил олдин эса кетганман. Ҳозир Қирғизистон, Болгария, Қозоғистон каби мамлакатларда фаолият юритаман — ҳамма ерда мени рекламага таклиф қилишади. Бизнесим металлга асосланган, лекин улар мендан пишлоқ ишлаб чиқариш ва унга қўшиб цех ҳам ясаб бериш ҳақида сўрайди. Цехга инвестиция — бу асосан кострюл ва ҳоказолар. Бир ярим ҳафта олдин Россияда 1,5 миллион турган нарса ҳозир 3,5 миллионга баҳоланмоқда. Ҳозир мендаги шартномаси тузилган тўртта буюртмани вақтинча тўхтатиб қўйишди, чунки улар бундан фойда кўролмайди.
Россияда бу иш билан камида келаси икки йил давомида шуғулланишдан фойда йўқ, деб ўйлайман. Пишлоқ ҳозир у ерда ортиқчалиги аниқ. Озми-кўпми нейтрал мамлакатларда пишлоқ барибир сотилади ва бу ерда энди ақлимни эмас, балки маҳсулотимни сотаман. Москвада ишлаб чиқаришим бор эди — бошланганидан сотилгунича. Энди уни кўпайтириб, Қозоғистонда ҳам шу ишимни давом эттираман.
Песков (Россия Федерацияси президенти матбуот котиби) ҳеч қандай сафарбарлик бўлмаслиги ҳақида гапиргани тўғрисидаги хабарни ўқибоқ, бир куннинг ичида йўлга тушдим. Песков айтган нарсанинг эҳтимоли дарҳол ошади.
Хуллас, ҳаммага хайр. 24 февралдан бери менда кучли паранойя бор. Улар мени тинглаётгандай ва кузатаётгандай туйилаверади, чунки барча газеталар ва пабликлар блокланган.
Мен 18 йилдан бери ресторан бизнеси билан шуғулланаман ва Москвадаги барча ресторанлар танишларимга қарашли. Ресторан эгаларига қийин, чунки бундай бизнесдан шунчаки воз кечиб кета олмайсан. Директорлар, менежерлар, ошпазлар иш берувчининг пуллари ҳисобига яшайди ва ҳеч нимадан хавотирланмайди. Уларга ниманидир тушунтирмоқчи бўлсанг, шундай дейди: «Қара, ҳаммаси яхши, дейишяпти-ку. Америка ҳужум қилганда нима бўларди». Улар нимадир қилишдан кўра, ўзига қулай бўлган маълумотга ишониб қўя қолишни маъқул кўради. Чакана савдо тўхтаб қолгани ҳам уларни безовта қилмайди. Ҳамма шокда, улар эса охирги дақиқагача ишонмайди.
Сафарбарлик эълон қилинмайдиган тақдирда ҳам қайтишдан маъни йўқ. Ресторанлар ёпиляпти, чунки нархларни кўтаришга тўғри келади. 600 рубллик салат 1000 рублга кўтарилади. Кейин уни ким сотиб олади? Айниқса, суши ресторанлари зарар кўради, чунки лосось ва барча асосий маҳсулотлар Япониядан доллар ҳисобида етказиб берилади. Улар сушига ё товонбалиқ ва сазан ишлата бошлайди ё ресторанни ёпади.
Мен эса ўз ҳунарим билан дунёнинг исталган ерида пул топишим мумкин. Келиб, кострюллар сотиб олдим. Уларни ошхонага қўйиб, пишлоқ тайёрладим. Одамларга буратта ва моцареллани татиб кўришни таклиф қилдим. Бу, айниқса, одамлар бундай нарса ҳақида энди-энди билаётган учинчи дунё мамлакатларида яхши иш беради. Қирғизистонда фақат иккита ресторан пишлоқ тайёрлайди ва одамлар бу ҳақида энди биляпти. Шундай қилиб, мен бозорга рақобатсиз кириб бораман.
Изоҳ (0)