Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

«Lisa.ru» машҳур турк сериалининг актёрлари ҳаётида қандай ўзгаришлар рўй бергани ҳақида маълумот беради.

Ҳалит Эргенч — Султон Сулаймон

Фото: «Lisa.ru»

Фото: «Lisa.ru»

Ҳалит актёр, қўшиқчи ва бастакор Саит Эргенч оиласида туғилган, бироқ ёшлигидан денгизга иштиёқманд бўлган ва денгизчи бўлишни орзу қилган. Ўқишдаги қийинчиликлар бошлангандан кейин яхшилаб ўйлаб кўрган Эргенч театр ва кино унга яқинроқ, деган қарорга келди. Албатта, дастлаб актёр эпизодик ва кичик ролларда ўйнади, лекин тез орада эътиборга тушиб, яхши таклифлар ола бошлади. Бу орада Ҳалит Америкада бир ярим йил яшади, Бродвейда концерт берди, кейин эса турк мюзиклларида ишлашни давом эттирмоқчи бўлиб ватанига қайтди.

Бу вақтда у «Биринчи севги», «Ўлим дастхати» каби машҳур лойиҳаларда, «Минг бир кеча» сериали ва, албатта, машҳур «Муҳташам юз йил» тарихий сериалида роль ўйнади. Сериалда Усмонли империясининг ҳукмдори Султон Сулаймон ролини ижро этиб, актёр кўплаб танқидларга дуч келди.

«Сериалнинг биринчи мавсуми чиққандан сўнг, биз жуда қийналдик — «Муҳташам юз йил» жуда кўп танқид қилинди. Одил Сулаймон образини талқин қилишимизга кўпчилик рози бўлмади», — дейди Ҳалит.

«Кейин улар қаҳрамонимни севиб қолишди, чунки биз яратган Сулаймоннинг кучли томонларидан бири унинг қалби муҳаббатга тўла одам эканидир», — дея қўшимча қилади Эргенч.

Бугунги кунда актёр фильмларда роль ўйнашни давом эттириш билан бирга мусиқа басталаб, концертлар беради. Ҳалит шахсий ҳаётини ҳам муваффақиятли олиб боради: «Минг бир кеча» сериалида иккинчи хотини ролини ўйнаган актриса Бергузар Корел билан турмуш қурган. Ҳозирда жуфтликнинг уч фарзанди бор — икки ўғил ва бир қиз.

2022 йилнинг январь ойи охирида эр-хотин Лондонга кўчиб ўтгани, у ерда уй сотиб олгани маълум бўлди. Ҳалит ва Бергузар фарзандларининг Европада яхши таълим олишини истайди.

Марям Узерли — Хуррам Султон

Фото: «Lisa.ru»

Фото: «Lisa.ru»

Марям Германияда немис-турк оиласида туғилган. Беш ёшидан бошлаб у театр гуруҳига боришни, санъат билан шуғулланишни ва саҳнага чиқишни бошлади. Узерлининг Гамбургдаги театр мактабига ўқишга кириши осон бўлмаган: 300 та абитуриентдан атиги беш киши талаба бўлиши мумкин эди ва шу жойлардан бири унга насиб этди. Актриса Гамбургдаги театрда, кейин Берлинда роль ижро этди, лекин у катта ролларини орзу қиларди. 2010 йилда бир дўсти Марямга кастинг учун Туркияга боришни таклиф қилади. Айни шу пайтда Хуррам Султон роли учун актриса қидирилаётган эди. «Муҳташам юз йил» ижодкорларига турк тилини озгина биладиган, аксент билан гапирадиган актриса керак эди — бу Узерли бўлиб чиқди.

«Мен Туркия кино саноати ҳақида билмасдим, чунки мен доим Германияда ишлаганман. Мен ўша ерда туғилиб ўсганман. Мен туркчани ҳам билмасдим, ҳаммаси мен учун янги эди. Бошланиши ғалати бўлди, лекин, Худога шукур, мен энг кучли образни ўйнашга муваффақ бўлдим», — дейди актриса.

2013 йилда у руҳий чарчоқ сабабли лойиҳани тарк этди. Кейинроқ Марям «Она яраси», «Тун маликаси», «Нариги тараф» ва бошқа кўплаб фильмларда суратга тушди. 2014 йилда Узерли турк тадбиркори Жан Атешдан Лара исмли қиз кўрди, аммо Жан билан тез орада ажралди. 2021 йил январь ойида актрисанинг янги севгилиси, америкалик бизнесмендан Лили Кои исмли иккинчи қизини дунёга келтирди. Марям Узерли яқинда Москвадаги кинофестивалга ҳам ташриф буюрди.

Ваҳиде Перчин — Хуррам Султон

Фото: «Lisa.ru»

Фото: «Lisa.ru»

Ваҳиде узоқ вақт театрда хизмат қилди ва 2000 йилларнинг бошида фильмларда роль ўйнай бошлади. Актрисанинг илк муваффақиятли ишларидан бири «Биринчи севги» фильмидир. Перчин кўплаб лойиҳалар учун нуфузли мукофотларга сазовор бўлган. 2013 йилда «Муҳташам юз йил» телесериалида Марям Узерли ўрнига Хуррам ролини ўйнагач, машҳурликка эришди.

Албатта, сериалнинг кўплаб мухлислари Марям Узерлининг қайтишини талаб қилиб, янги актрисани дастлаб қабул қилишмади. Бироқ вақт ўтиши билан улар Перчиннинг истеъдодини қадрлашди ва у ўз ишини аъло даражада бажарганини тан олишди. Актрисанинг шахсий ҳаётига келсак, у 20 йилдан ортиқ вақт давомида актёр Алтан Гердум билан турмуш кечирди. Ушбу йилларда қизи Ализе туғилди. Никоҳи даврида Ваҳиде эрининг фамилиясида бўлган, бироқ 2013 йилда ажрашгач, қизлик фамилиясига қайтган.

Селма Эргеч — Хадича Султон

Фото: «Lisa.ru»

Фото: «Lisa.ru»

Селма Германияда туғилган: отасининг миллати турк, онаси эса немис. У беш ёшга тўлганда ота-онаси Туркияга кўчиб кетишади. Қиз жуда яхши ўқиди ва ҳатто Буюк Британия ҳамда Францияда ҳам таълим олди. Отаси унинг шифокор бўлишини хоҳларди. Эргеч тиббиёт факультетини тамомлагач, кутилмаганда суратга олиш майдонига тушиб қолади, шундан сўнг у ҳаётини кино билан боғлашга қарор қилди.

2006 йилда у «Тармоқ 2.0» турк-америка лойиҳаси туфайли машҳурликка эришди. 2011 йилда у «Муҳташам юз йил» сериалидаги бош роллардан бирига таклиф қилинди. Селма Султон Сулаймоннинг кенжа ва суюкли синглиси — Хадича Султон образини яратди. 2015 йилда актриса Cан Яйıнларı нашриётининг эгаси Жазз Ўз билан турмуш қурди, орадан бир йил ўтиб Ясмин исмли қизи дунёга келди.

 Нур Феттаҳоғлу —Моҳидаврон Султон

Фото:«Lisa.ru»

Фото:«Lisa.ru»

Нур ҳеч қачон актисалик ҳақида ўйламаган. У мода дизайнери бўйича ўқиган ва бир неча йил банкда ишлаган, кейин эса молия тизими билан боғлиқ дастурни бошқарган. У биринчи турмуш ўртоғи Мурат Айсан туфайли кино оламига кириб қолган. Феттаҳўғлу «Мен қандай отаман» ва «Юрак тебранишлари» сериалларида роль ўйнагач, кинодаги карьераси бошланган.

Актриса «Муҳташам юз йил» фильмида Сулаймоннинг севимли канизаги, шаҳзода Мустафонинг онаси Моҳидаврон Султон ролини ижро этган. Хуррам пайдо бўлгандан сўнг, ҳукмдор собиқ севгилисига эътибор бермай қўяди ва тез орада бу ҳақда бутунлай унутади. Айтганча, Нур ва Марям ҳаётда ҳам дўст бўлишган. «Муҳташам юз йил»дан кейин актриса «Буюк детектив Филинта», «Ҳаёт йўлида», «Опа-сингил фарзандлари», «Бобил», «Қўрқмас» ва бошқа фильмларда ҳам суратга тушди.

Феттаҳўғлунинг шахсий ҳаётига келсак, 2011 йилда у Мурат Айсан билан ажрашган ва икки йилдан сўнг туркиялик тадбиркор Левент Везирўғлуга турмушга чиққан, уч йилдан сўнг уларнинг Элиса Гюзин исмли қизи дунёга келган.

Небаҳат Чеҳре — Волида Султон

Фото:«Lisa.ru»

Фото:«Lisa.ru»

Небаҳат 15 ёшида «Мисс Туркия» гўзаллик танловида қатнашиб, ғолиб бўлади. Унинг фотосуратлари кўплаб журналларнинг муқоваларини безайди, шундан сўнг у модель сифатида ишлай бошлайди. Кейинчалик у «Дунё гўзали» ва «Коинот гўзали» танловларида иштирок этади. Тез орада гўзал қиз фильмларда роль ўйнашга чақирилди. Лекин Чеҳре ҳаётидаги энг муҳим лойиҳалардан бири — у Сулаймоннинг онаси ролини ўйнаган «Муҳташам юз йил» телесериалидир.

Небаҳат икки марта турмуш қурган: биринчи эри режиссёр Йилмаз Гуней бўлиб, у билан тўрт йил бирга яшаган. Иккинчи турмуш ўртоғи баскетболчи Явуз Демир бўлиб, у актрисадан кинони ташлашини ва оиласига кўпроқ эътибор беришини хоҳлайди. Афсуски, бу никоҳ ҳам тезда тугайди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар