«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Криштиану Роналду жароҳати сабабли АПЛ доирасида «Манчестер Сити»га қарши кечган баҳсни ўтказиб юборди.
The Athletic’нинг хабарига кўра, Роналду «шаҳарликлар»га қарши ўйинда майдонга туша олмаслигини билгач, Португалияга учиб кетган. У сонидаги жароҳат сабаб қайдномага киритилмаганди.
Криштианунинг ватанига кетиши манкунианликларнинг бошқа футболчиларини ҳайратга солган. Жароҳат олган футболчилар ўйин пайти трибунада бўлиши шарт эмас, аммо жамоадошлари Роналдунинг аураси ва клубга қўшган ҳиссасини ҳисобга олганда, дербида унинг стадионда бўлишини кутганди.
«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Ральф Рангник Роналду билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирди.
«Шифокорларнинг сўзларига ишониш лозим. Жума куни эрталаб, машғулотлардан аввал шифокор ёнимга келди ва Криштиану сони билан боғлиқ муаммолар туфайли шуғуллана олмаслигини айтди. Шанба куни ҳам шу ҳол такрорланди.
Футболчилар жароҳат олган бўлса, шифокор ёки тиббий бўлимга ўйнай олмаслигини айтади. Мен эса мураббий сифатида буни қабул қилишим керак.
Агар футболчи ўзида жароҳат бор деб ҳисобласа, мен уни майдонга тушишга мажбурлай олмайман», — дейди мураббий.
«Манчестер Юнайтед» Англия Премьер Лигасининг 28-турида «Манчестер Сити»га 1:4 ҳисобида имкониятни бой берди. Манкунианликлар 47 очко билан мусобақа жадвалида 5-ўринни эгаллаб турибди.
Изоҳ (0)