Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида ижтимоий тармоқлар орқали ҳижрат ва жиҳодга даъват қилиб келган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар қилди.
Қайд этилишича, вилоят ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати вилояти бошқармаси ҳамда Шўрчи тумани ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш гуруҳи ходимлари томонидан мавжуд маълумотлар асосида Шўрчи туманида ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида шу туманда яшовчи С.Б.га тегишли телефон аппаратининг хотираси ва ижтимоий тармоқдаги манзиллар мутахассис иштирокида текширилган. Натижада телефон эгаси Telegram аккаунти орқали қонунчиликда тақиқланган Абу Мовия, Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ Бухорий ҳамда Абдуллоҳ Зуфар тахаллусидаги шахсларнинг ҳижрат ва жиҳодга чорловчи видео ва аудиоматериалларини кўплаб яқин инсонларига тарқатиб, даъват қилиб келгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан С.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Мавзуга доир: