Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида яшовчи аҳоли вакиллари кўп қаватли уйларда яшашини, аҳолига арзонлаштирилган ҳолда қуриб берилган кўп қаватли уйлар марказий канализация тармоғига уланмагани сабаб муаммо юзага келаётганини айтмоқда.
Бу ҳақда «Дарё»га мурожаат қилган «Мангузар» маҳалла фуқаролар йиғини вакилларининг айтишича, ҳудудда 2017 йили ҳар бири 16 та хонадондан иборат 8 та икки қаватли уй қурилган бўлиб, шундан иккитаси 6- ҳамда 8-сонли уйларнинг канализация қувурида муаммо бор.
«2017 йил маҳалламизда саккизта арзонлаштирилган кўп қаватли уй қурилган бўлиб, шундан иккитаси — 6- ва 8-сонли кўп қаватли уйларнинг канализацияси учун қурилган ҳовузнинг пастки қисми бетонлаб ташланган. Қолган уйларнинг канализацияси учун қурилган ҳовузларнинг таги эса шебенлангани боис чиқинди сув ерга сингиб кетади. Бу иккала уйнинг канализациясидан чиқаётган чиқиндилар ҳовуздан чиқиб қолиб, атрофнинг ифлосланишига олиб келмоқда», — дейди мурожаатчилар.
Аҳоли вакилларининг айтишича, канализация тизими яхши ишламагани, шунингдек чиқинди ҳовузлар ўз вақтида тозаланмагани боис нафақат уйлар атрофи ифлосланмоқда, канализациядан чиқаётган бадбўй ҳид ҳатто уй ичкарисида ҳам газ тўпланишига ҳам сабаб бўлмоқда.
«Бу аҳволда қандай ва қачонгача яшаймиз, билмайман. Масъулларга муаммо ҳақида кўп маротаба айтдик, аммо ҳамма жим. Раҳбарлар кимдир канализациядан чиқаётган газдан заҳарланиб ўлишини кутяптимикан?», — дейди мазкур кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли вакилларидан бири.
«Дарё» нашрининг бу ҳақдаги сўровига жавоб берган Термиз шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Одил Худойқулов «Мангузар» маҳалласи кўп қаватли уйлар қурилган пайтда Термиз тумани ҳудудида бўлганини, кейинчалик шаҳар ҳудудига киритилганини айтиб, масъулларнинг муаммодан хабари борлигини билдирди.
«Ҳақиқатдан ҳам шу муаммо бор ва бундан барча масъуллар хабардор. Муаммони бартараф этиш учун кўп қаватли уйларни марказий канализация тармоғига улаш ҳақида ҳам ўйлаб кўрилган. Аммо бу уйлар пастликда жойлашгани боис уларни марказий канализация тармоғига улаш жуда катта харажат талаб қилиниши маълум бўлгач, бу фикрдан қайтилган. Чиқинди ҳовузлар ўз вақтида тозаланмоқда. Яна бир томони борки, чиқинди ташиб кетилиши учун аҳоли тўловларни амалга оширмайди. Шундай бўлса-да, раҳбарлар бу масалага эътибор қаратишган», — дейди шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Одил Худойқулов.
Мурожаатчиларнинг айтишича, таги бетонлаб ташланган чиқинди ҳовузи ҳар ҳафтада тўлиб, олиб чиқиб кетилишга тайёр ҳолда туради. Уни бир марта тозалаш 2 миллион сўмни ташкил қилади.
«Бу эса ҳар бир оилага ҳафтасига 100 минг сўмдан пул дегани. Аслида бу ерда кам таъминланган, иқтисодий жиҳатдан ночор оилалар яшайди. Шу боис бизга таги шебенланган чиқинди ҳовуз қуриб беришса яхши бўларди. Чиқиндининг бадбўй ҳиди ён-атрофга ҳам таралиб, одамлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Куну-тун деразаларимизни ёпиб, ташқарига чиқмасдан яшашга мажбур бўляпмиз. Зараркунанда ҳашаротлар ҳам кўпайиб кетган», — дейди аҳоли вакиллари.
Мурожаатчиларнинг қўшимча қилишича, баъзан кўп қаватли уй канализациясининг қувурлари ёрилиб кетиши оқибатида уйга газ ҳиди чиқиб қолиш ҳолатлари ҳам учраб туради.
«Уйлар ертўласидан ўтган пластик канализация қувурларига босим кучайиши натижасида бир неча маротаба ёрилиб кетиш ҳолатлари, шунингдек ахлат ертўлага оқиб кетиши ва уйимиз чиқинди газ ҳидига тўлиб қолиши ҳам кўп учрайди. Бундай ҳаётга қандай чидаш мумкин? Бу бизнинг ҳаётимиз учун ҳам хавфли-ку», — дейди аҳоли вакиллари.
Аҳоли вакилларининг қўшимча маълумот беришича, Термиз шаҳар ҳокимлиги мурожаатчиларга муаммони ҳал қилиш учун 2021 йилнинг 31 октябрь куни дастурга киритиш бўйича таклиф беришганини, маблағ ажратилса муаммо 2022 йилнинг 3-чорагида ечимини топиши маълум қилинган.
«Билишимизча, мурожаатларимиз вилоят ҳокимига етиб бормаяпти. Сабаби аввалроқ вилоят телевидениесига мурожаат қилгандик. Улар келиб муаммони ўрганишди, ҳаммадан интервью олди, аммо кўрсатув эфирга берилмади. Сабабини сўрасак, шаҳар ҳокими рухсат бермади дейишди. Шундан сўнг биз муаммо вилоят ҳокимигача етиб бормаяпти деган фикрга келдик», — дейди мурожаатчилар.
Аҳоли вакилларининг айтишича, улар муаммони ҳал қилишга ҳам киришган. Аммо МФЙ раиси одамларга ўзбошимчалик қилмаслик кераклигини айтган.
«Одамлардан пул йиғиб, қўшимча яма (хандақ) қаздирмоқчи бўлдик. Аммо маҳалла раиси чуқурга бирор киши тушиб кетса, ким жавоб беради, ўлиб қолса нима бўлади. Ўзбошимчалик қилманг, деб рухсат бермади. Биз нима қилайлик унда, дардимизни кимга айтайлик», — дейди мурожаатчилар.
«Дарё» мавзуга қайтади.