Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни вазирликнинг расмий веб-сайти билан бир хил дизайнда тайёрланган фейк сайт очилганини, унда турли ёлғон маълумотлар тарқатилаётгани сабаб огоҳлантирди.
Қайд этилишича, сохта веб-сайтнинг асосий фонида вакцина олганларга 750 минг сўм миқдорида пул маблағи берилиши айтилган. Бунинг учун шахсий маълумотларни киритиш сўралган.
«Юқорида келтирилган ахборот фирибгарлик мақсадида тарқатилган бўлиб, у ҳеч қандай расмий асосга эга эмас. Шу боис вазирлик аҳолидан бу каби фейк хабарларга ишонмасликларини, вакцинация жараёнлари билан боғлиқ энг тўғри маълумотларни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий саҳифалари орқали олишлари мумкинини эслатиб ўтади», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда вакцина олган фуқаролар учун 750 минг сўм миқдорида пул маблағи берилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. ССВ ҳолатга муносабат билдириб, хабарлар асоссиз эканини маълум қилганди.
Изоҳ (0)