Самарқанд вилояти Пайариқ туманида 19 февраль куни сартарошхонасини қиморхонага айлантириб, таваккалчиликка асосланган ўйинлар ташкил қилиб келган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.
Қайд этилишича, шу куни соат 17:20 да Самарқанд вилояти ИИБ ХПБ ходимлари томонидан тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Пайариқ тумани Мани қишлоғида яшовчи Т.О. (36 ёшли) маҳалласидаги бинони сартарошхона сифатида фаолият олиб бориш учун ижарага олиб, у ерда ноқонуний равишда қимор ва таваккалчиликка асосланган «Лото» ўйинини ташкил қилгани аниқланган. У маҳалладошларига «лото» ўйини ўйнашига шарт-шароит яратиб, ҳар бир ютуқдан 4 минг сўм ўзига «чўтал» жой пули олиб келган. Т.О. ўйин ўтқазаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.
Воқеа жойидан «Лото» қимор ўйинида жами 73 минг сўм пул ҳамда 26 дона карта, 90 дона «Лото» тоши аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилиб олинган.
Ҳолат юзасидан Т.О.га нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)