Жармуш кўпинча чет элликлар, саёқлар ва аутсайдерларни ўз фильмларининг қаҳрамонига айлантиради. Нима учун? Нега улар тинимсиз саёҳат қилади? «Дарё» шу ва бошқа саволларга жавоб тариқасида «Arzamas» онлайн-академиясининг таниқли режиссёрлар ҳақидаги туркумидан Жим Жармуш ижодига оид материални ўзбек тилида ҳавола этади.
Жармушнинг ўттиз йилдан ортиқ вақт мобайнида суратга олинган ўттизга яқин фильми мейнстримга ҳам, яширинча мейнстримнинг бир қисми бўлишни истайдиган артҳаусга ҳам тўғри келмайди. Жармушнинг ўзи бу ҳақда шундай деган эди:
Мустақил кино... Бу сўз кўнглимни айнитади. Уни ёки унинг синоними бўлган «артҳаус»ни эшитсам, қўлим тўппончага югуради. Бугун бу сўзлар мўмайроқ пул илинжида маҳсулотга ёпиштириладиган ёрлиқларга айланди. Фильмларим — қўл меҳнати маҳсули. Улар ярқироқ эмас, балки қайсидир ертўлада бунёд қилингандай.Жармуш дунёсига кириш учун унинг фильмлари тафсилотига назар ташлашингиз, ҳикояга эмас, балки ритмга асосланган, шеърият ва мусиқа қонуниятларига кўра тузилган композицияга кўникишингиз керак. Жармуш сюжет уйғунлиги ва ҳикоя равонлигига эътибор бермайди, эпизодларни кўпинча қисқа тўхталиш, яъни қора кадр орқали бир-бирига улайди ва Микеланжело Антониони ҳамда Ясужиро Озу услубига хос тарзда штативга тик қотирилган камера билан суратга олишни маъқул кўради.
Жармуш кинематографияси Америка ва америкаликлар ҳақидаги стереотип ғояларни инкор қилишга қаратилган. Томошабин дунёни ғайритабиий қаҳрамонларнинг ёт нигоҳлари орқали кўради: бегоналар, саёқлар, сўнгсиз ва мақсадсиз саёҳатга чиққан хорижликлар. Ҳовлилар, абгор майхоналар, тор квартиралардан иборат бир қаватли Американинг файзсиз бўшлиғи оралаб ўтиш аҳамиятсиз бўлгани каби,мақсад ҳам аслида муҳим эмас. Нотинч 1950 ва 60 йиллардаги битниклар (шу йиллари АҚШ ва бошқа Ғарб мамлакатларидаги анархистик исёнчи ёшлар ҳаракати вакили — таҳр.) вориси бўлган қаҳрамоннинг ички ҳаракати муҳим. Қаҳрамон замондан бироз орқада ва шу боисдан воқеалари кўпинча ярим тундан кейин содир бўладиган фильмларнинг умумий хира манзарасини ёритиб турувчи енгил ҳажв ёки истеҳзо билан намойиш қилинади.
Постмодерн даври вакили ҳисобланган Жармуш ўзлаштиришдан тортинмайди. Суҳбатларидан бирида у шундай дейди:
Оригинал нарсанинг ўзи қолмади. Кайфиятингга уйғун ёки тасаввурни жонлантирадиган ҳар қандай нарсани ўмар. Эски фильмлар, янги фильмлар, мусиқа, китоблар, суратлар, фотосуратлар, шеърлар, дарахтлар, булутлар, орзулар, ногоҳ қулоққа чалинган суҳбатлар, бинолар, кўприклар, йўл белгилари, сув, ёруғлик ва сояларни ўзлаштир. Фақат танлаганинг қалбингга мос тушсин.
Нимадан бошлаш керак?
2005 йилда Канн кинофестивалида Гран-прига сазовор бўлган «Синиқ гуллар» (Broken flowers, 2005) комедик мелодрамадан бошлаган дуруст. Картина «янги тўлқин» вакили сифатида қараладиган француз режиссёри Жан Эсташга бағишланган. Унинг «Онам ва фоҳиша» (1973) номли фильми гарчи унда ўша исёнкор даврнинг акс-садолари сезилмаса ҳам, 1968 йил воқеалари ҳақидаги асосий фильм сифатида баҳоланади — Жармуш қаҳрамонига сингдирилган ўзни йўқотганлик ҳисси бундан мустасно. Картинадаги бош қаҳрамонлар — кексайиб қолган донжуан ва иши бароридан келган америкалик компьютер мутахассиси Дон Жонстон. Роль Жармушнинг севимли актёри Билл Мюррей учун махсус ёзилган. Унинг ташқи хотиржамлиги режиссёр тасаввуридаги ўта одми актёрлик ижроси идеалига мос келади, драматик ва ҳажвий услубни уйғунлаштириш қобилияти эса Жармуш жуда ёқтирадиган, айниқса, ушбу фильмда сезилган жанр стереотипларининг истеҳзоли ўйинига мутаносибдир.Фильмда Жармушга хос композиция қўлланган: у алоҳида миниатюра қисмларида қаҳрамоннинг ўз ўтмишига қилган саёҳати кўринишида қурилган. Сюжетнинг асосий интригаси — қаҳрамоннинг ички ҳолати, зоҳидона, қотиб қолган ҳаёт ва экзистенсиал инқироз йўлини енгиб ўтиш. Тўрт нафар собиқ маъшуқа билан кечган учрашувда (мазкур эпизодик роллар Шерон Стоун, Жессика Ленг, Тильда Суинтон, Френсис Конрой томонидан ижро этилган) Донни ўзини ўтмиш саргузаштларига қайтишга мажбур қилган саволга жавоб тополмайди: кутилмаганда унинг ўғли эканини айтган кишининг онаси ким? Ундаги ҳикоялар тафсилоти, фильмни бутунича олганда ҳам тўла очиқланмайди. Қаҳрамон эса Жармуш одатига хос тарзда иккиланишлар ичида қолади.
Кейин нимани кўриш керак?
Жармуш жанрларни ўйин қилишни яхши кўради. «Ит арвоҳи: самурай йўли» (Ghost dog: the way of the samurai, 1999) фильмида у америкалик гангстерлар ва япон самурайлари ҳаётини акс эттирувчи кино этикаси ҳамда эстетикасини кесиштиради. Чигал баён қилиш йўсини ортида Жармуш кинематографиясига сингиб кетган фикрни уқиб олиш осон: қаҳрамон босиб ўтаётган йўлнинг мақсад ва мазмуни унга маънавий яқин бўлган одамлар билан мулоқотда ойдинлашади.Ундан сўнг вампирлар ҳақидаги «Фақат ошиқлар тирик қолади» (Оnly lovers left alive, 2013) мелодрамасини томоша қилиш мумкин. Унда даврлар оша саёҳатга чиққан Одам (Том Ҳиддлстон) ва Ҳаво (Тилда Суинтон) исмли вампирлар тўғрисида ҳикоя қилинади. Уларга Шекспирнинг замондоши, драматург Кристофер Марло ҳамроҳ бўлади. «Ўликлар ўлмайди» (The dead don’t die, 2019) номли постапокалиптик зомби триллерида Билл Мюррей ўзига хос бўлмаган полициячи образида кўриниш беради, зомби эпизодик роллари эса мусиқачилар Игги Поп ва Том Уэйтс томонидан ижро этилган.
Жим Жармуш дунёсига жойлашиб олганингиздан сўнг ижод йўлининг бошланиш босқичига, энг аввало, «Қонундан ташқарида» (Down by law, 1986) криминал комедиясига мурожаат қилишингиз мумкин. У «Жаннатдан ғаройиброқ» (Stranger than paradise, 1984) драмаси билан бошланиб, «Сирли поезд» (Мystery train, 1989) фильми билан якунланувчи трилогиянинг бир қисми ҳисобланади. «Жаннатдан ғаройиброқ» картинаси Канн кинофестивалида «Олтин камера» мукофотини, Локарнода эса «Олтин леопард»ни қўлга киритган. Шу уч картинада Жармуш услуби юзага чиққан: ҳар бирида бош қаҳрамон чет эллик. Биз улар билан Нью-Йорк томорқасидан қорли Огайога, қуёшли Флоридага ёки Янги Орлеанга йўл оламиз. Ҳар сафар экранда огаёлик Жармушнинг болалик хотираларидан қолган қандайдир умумлаштирилган, овлоқ, қиёфаси бир қадар ўзга Америка намоён бўлади. Бу Америка у ерга қадами етмаган одамлар тасаввуридаги жаннатга ўхшамайди, лекин унинг ўзига хос жозибаси, сирли нафосати фильм қаҳрамонларини шу ердан бошпана топишга ундайди.
Жармуш Янги Орлеанда ҳеч қачон бўлмаган, лекин маҳаллий мусиқа маданияти ва тарихини ҳисобга олиб, «Қонундан ташқарида» воқеаларини ўша ер билан боғлашга қарор қилади. Мусиқа сутенёр Жек ролини ўйнаган Жон Лури томонидан ёзилган, дижей Зак ролини эса актёр, композитор ва қўшиқчи Том Уэйтс ижро этган. Уларнинг ноҳақ ҳибсга олинган қаҳрамонлари инглиз тилини билмайдиган италиялик Роберто (Роберто Бенигни) билан битта камерада туради. Умидини йўқотмаган итальян ўз камерадошларини «Шаманча рақслар» ўйинига жалб қилиб, шу орқали мулоқот ўрнатади. Америка киноларидаги каби доҳиёна даражада оддий қочиш режасини ҳам у ўйлаб топади; у, чет эл фуқароси, ҳаётда ҳам шундай бўлади, деб ўйлаши табиий эди. Тушкунликка берилиб, оромини йўқотган америкаликлар бу диёрни ер юзидаги жаннатга қиёсловчи стереотипик ғояларни йўққа чиқариши мумкин бўлса, сиртдан қараган одам унда бебаҳо тортиқларни ва чексиз имкониятларни кашф эта олади.
Энди «Мурда» (Dead man, 1995) номли мистик вестернга ўтса бўлади. Нил Янгнинг гипнозга солувчи гитара аккордлари фильм шиддатини белгилаб беради. Картина оддий ҳикоя ва Жармушнинг севимли метафорасига асосланган: ҳаёт — бу саёҳат, айни вақтда ўз маданиятидан узилиб қолган икки ёлғиз одам буни амалга оширмоқда. Ёш ҳисобчи Уильям Блейк (Жонни Депп) ваъда қилинган ишга жойлашиш умидида ғарбга йўл олади. У ерда бемаъни тасодиф туфайли қотилликда айбланиб, қидирувга берилади. Кўксидан яраланган қаҳрамонни ўзини Ҳеч ким деб атовчи ҳинду (Гери Фармер) топиб олади. Ҳинду нотаниш одамни қайта дунёга келган инглиз шоири Уильям Блейк сифатида қабул қилади. Жармуш оқ танлилар билан кўришиб, қабиласига қайтгач, яқинлари томонидан ўлдириб юборилган ҳиндулар ҳақида эшитганди. Шунга кўра, Ҳеч ким — ўзининг оқ танли дўсти каби дарбадар. Қонунбузар мақомидаги икки ҳамроҳ «барча руҳлар ўша ердан йўлга чиқиб, яна ўша ерга қайтувчи» масканга саёҳат қилади.
Охирида Жармушнинг «Патерсон» (Paterson, 2016) номли энг сокин фильмини томоша қилишингиз мумкин. Унда бош қаҳрамоннинг фамилияси ҳам, у яшаётган шаҳарчанинг номи ҳам Патерсон. Шунингдек, яқин ўтмишда Уильям Карлос Уильямс томонидан ёзилган поэма ҳам шу номда эди.
Бу бир хилликлар (Жармушга хос усул) фильмнинг ички тузилишини ташкил қилади. Шаҳарчадаги зерикарли ҳаётни доимий кузатиб юрган автобус ҳайдовчиси ва шоир Патерсоннинг кўзлари билан биз кундалик нарсаларда, уларнинг такрорланиши ва даврийлигида шеъриятни кўра бошлайди. Бу орқали, бизга такрорий бўлиб кўринаётган воқеаларнинг ҳар бири аслида бетакрор эканлиги очиб берилган. Жармушнинг энг шоирона асари еттита шеърий банд — Патерсон ҳаётидан етти кун кўринишида ишланган. Қаҳрамонидаги шоирларга хос ғайриоддийликка атайин урғу бериш орқали, Жармуш Адам Драйверда «Синиқ гуллар»даги Билл Мюррейни эслатиб юборувчи мукаммал ижрони кашф қилган. Ниҳоят режиссёрнинг севимли усулларидан бири ўлароқ (торт устидаги олча каби) айни авж нуқтасида япониялик турист — чигалликдан олиб чиқувчи сирли хабарчи пайдо бўлади. Жармуш ўзининг ижодий тамойилини ўзгартирмай, ҳар сафар уни юзага чиқаришнинг янги йўсинини ўйлаб топади. «Патерсон» буни яна бир бор тасдиқлайди.
Қайси фильмдан бошламаслик керак?
Жармуш ижоди билан танишишни ўн бир ҳикоядан иборат «Қаҳва ва сигаретлар» (Coffee and Sigaretts, 2003) алманахидан бошламаганингиз яхши. У ўзининг севимли актёрларини турли қаҳвахоналарда бир финжон қаҳва ва сигарет устида суҳбатлаштиради. Бу суҳбатлар одатга кўра ҳеч нима билан тугамайди. Ушбу фильм томошасини кейинга суриб, Жармушнинг бошқа фильмларидаги таниш актёрларнинг янги ва кўпинча ноодатий қиёфаларидан завқланинг.«Назорат чегараси» (The limits of control, 2008) картинаси ҳақида ҳам худди шу гапни айтиш мумкин. Ушбу айғоқчилик руҳидаги детектив фильм Испанияда суратга олинган бўлиб, оператор Кристофер Дойл уни Жармушнинг энг гўзал картиналаридан бирига айлантирган. Лекин асар фалсафий мазмундаги кўплаб иқтибосларга тўла, шу сабабли асл манбаларни аниқлаштириб олгандан сўнг томоша қилиш мақсадга мувофиқ.
Изоҳ (0)