Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган машинасозлик саноатига доир йиғилишда соҳа масъулларига бир қатор кўрсатмалар берилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.
Қайд этилишича, президент «Ўзавтосаноат» АЖ раиси Шавкат Умурзоқовга ишлаб чиқаришни ошириш ва аҳолининг талабини тўлиқ қондириш бўйича тинимсиз ишлаши шартлигини кўрсатиб ўтган.
Шунингдек, жаҳонда микрочиплар ишлаб чиқариш ва халқаро логистика билан боғлиқ муаммолардан келиб чиқиб янги ёндашув ва ечимлар топиш зарурлиги таъкидланган. Машинасозлик тармоғи саноатнинг «драйвер» соҳаларидан бири бўлиши кераклиги айтилган.
Бу борада беш йиллик тараққиёт стратегиясида автомобиль ишлаб чиқаришни 1,4 баробарга, экспортини эса 2 баробарга ошириш белгилаб олинган.
Шу муносабат билан 1 майга қадар автомобиль харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш, UzAuto Motors автомобиллари учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизгача пасайтириш вазифаси қўйилган.
Шунингдек, Шавкат Умурзоқов зиммасига бир ҳафта муддатда автомобиль савдосида очиқ-ошкора ва инсон омилидан холи тизимни йўлга қўйиб, сунъий навбатлар ва коррупцион ҳолатларни таг-томири билан йўқ қилиш учун шахсий жавобгарлик юкланган.
Изоҳ (0)