«Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Қарор билан Уруғчиликни ривожлантириш марказига бир қатор қўшимча вазифалар юклатилган. Марказ пахта, бошоқли дон, сабзавот, полиз, мойли, дуккакли ва озуқа экинлари уруғликларини ички ва ташқи бозорга Uzbek seeds миллий бренди асосида сотишни ташкил этади.

Шунингдек, «Ўзпахтасаноат»нинг 11 та уруғлик чигит тайёрлаш цехлари марказга берилди. Уруғлик тайёрлаш цехларини марказга ўтказиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ тасдиқланган.

Уруғлик чигит ва уруғлик дон тайёрлаш цехларини 2022—2023 йилларда тўлиқ модернизация қилиш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилади (унинг ижросига 26,5 миллион доллар йўналтирилади).

Ҳужжатда қайд этилишича, 2022—2025 йилларда пахта ҳосилдорлиги 50 центнерга, бошоқли дон 90 центнерга етказилади. 200 минг гектар суғориладиган ер қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштиришга ихтисослаштирилади.

Агрокластерлар ва фермер хўжаликларига ғўза ва бошоқли дон экинларининг энг ҳосилдор навларини импорт қилишга, уларни мустақил жойлаштиришга рухсат берилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича АҚШнинг 2021 йилги ҳисоботида 2-гуруҳ махсус кузатув рўйхатидан 2-кузатув рўйхатига кўтарилганди. Мазкур ҳисоботда Ўзбекистон ҳукуматининг пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, мажбурий меҳнатга қарши қонунлар бузилишини аниқлаш ҳамда қонунбузарларни жавобгарликка тортишга оид саъй-ҳаракатлари эътироф этилган.

Маълумот учун, узоқ йиллар давомида пахта терими мавсумида болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланилгани боис Ўзбекистон пахтаси халқаро жамоатчилик томонидан «қора рўйхатлар»га киритилган, етакчи ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистон пахтасини бойкот қилган эди. Халқаро меҳнат ташкилотининг Вашингтондаги офиси директори Кевин Кассиди эса ўзбек пахтаси бойкотини асоссиз деб эълон қилганди.