Қаршининг «Насаф» клуби Осиё футбол конфедерацияси тартиб-интизом қўмитаси томонидан 28 минг доллар жаримага тортилди.

Фото: «Насаф»

Championat.asia’нинг ОФК расмий сайтига таяниб ёзишича, жаримага клубнинг ОФК Кубоги 2021 йилги мавсуми доирасидаги Гонконгнинг «Ли Ман» клуби билан учрашувда хавфсизлик ва карантин қоидаларига риоя этмагани асос бўлган:

  • 320 нафар мухлис футболчилар захираси учун мўлжалланган жойга ўтирган;
  • 2 нафар мухлис ҳакамнинг якуний ҳуштаги чалинганидан кейин майдонга тушиб кетган;
  • клуб хавфсизлик бўйича ўз зиммасидаги вазифаларни таъминлай олмаган;
  • майдон атрофида аккредитацияси йўқ шахслар юрган;
  • томошабинлар стадионда тамаки чеккан.

Тартиб-интизом қўмитаси юқоридаги ҳолатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагича қарор чиқарган:

  • «Насаф» тартиб-интизом кодексининг 22.2 бандини бузгани учун 28 минг АҚШ доллари миқдорида жарима тўлайди;
  • Тартиб-интизом кодексининг 34.1 ва 34.3 бандларини бузгани учун шартли равишда 21 минг АҚШ доллари миқдорида жарима. Бу банд агар яқин 2 йил ичида яна шу ҳолат такрорлансагина фаоллашади;
  • Тартиб-интизом кодексининг 1-параграфи бўйича 90 кун ичида 7 минг АҚШ доллари тўлаш мажбурияти.

Шунингдек, бундай ҳолат яна қайтарилса, янада қаттиқроқ чора кўрилиши қўшимча қилинган.

Бундан ташқари, тартиб-интизом қўмитаси ОФК Кубоги финалида «Насаф»ни қабул қилган «Ал-Муҳаррақ»ни ҳам учрашувни ташкил этишда қоидабузарликлар учун 82 минг доллар миқдорида жаримага тортган. Баҳрайн клуби бир вақтнинг ўзида бутун суммани тўлаши керак.

Қайд этиш керак, Рўзиқул Бердиев шогирдлари ОФК Кубоги—2021 вице-чемпиони сифатида 750 минг АҚШ доллар мукофоти олганди.