Ўзбекистонга коронавируснинг омикрон штамми кириб келиши ва у билан касалланишлар сони ортиб бораётгани жамоатчиликни хавотирга солмоқда. «Дарё» интернет-нашри коронавирусга қарши курашиш учун ташкил этилган Зангиота-2 махсус шифохонасида бўлиб, беморлар ҳолати ва омикрон штамми ҳақида мутахассислардан изоҳ олди.

Шифохона директори Дониёр Миразимовнинг айтишича, 2022 йил 4 январдан бери коронавирус билан касалланганлар сони ортиб бормоқда. COVID билан боғлиқ кунлик мурожаатлар аввал 30-40 та бўлса, ҳозир 450-500 тага етган. Ҳар куни ўта оғир аҳволдаги 15-20 нафар бемор реанимацияга ётқизиляпти.

Дониёр Миразимов

Фото: «Дарё»/ Дилруҳ Исомиддинова

Ўтган тўлқиндаги дельта штамми ҳозир кенг тарқала бошлаган омикрондан анча фарқ қилади. Илгари бизга мурожаат қилган касаллардан 80 фоизининг аҳволи оғир бўлгани учун шифохонага ётқизар эдик. Уларда пневмония ва бошқа асоратлар учрарди. Бугунги кунда 40 фоиз касал шифохонага ётқизиляпти. 60 фоиз бемор эса касалликни енгил даражада ўтказмоқда. Уйда 4-5 кун даволанганлар ҳам соғайиб кетмоқда. Яъни дельта штамми оғирроқ, омикрон штамми енгилроқ кечмоқда.

Дониёр Миразимов, Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори

Маълумот учун, 2022 йилнинг дастлабки 4 кунида кунлик касалланиш ҳолатлари сони 100 тага етмаётганди. 7 январь куни эса Ўзбекистонда омикрон штамми аниқланди. Шундан сўнг кунлик коронавирус юқтириш кўрсаткичи кескин ошди ва бир неча марта антирекорд янгиланди. 18 январдан буён кунлик касалланишлар сони 1000 тадан юқори бўлиб қолмоқда. Мамлакат бўйича пандемия бошидан буён коронавирусга чалинганлар сони 218 477 нафарга етиб, улардан 1551 нафари вафот этган.

Дониёр Миразимовнинг маълум қилишича, касалхона 2000 койкага мўлжалланган ва ҳозир захирада 900 га яқин жой бор.

«Ётқизилаётган касалларнинг асосий қисми ёши катталар, қўшимча сурункали касаллиги борлар ва оғир вазнли беморлар ҳисобланади. Аввал бизда даволанишга ўртача 8-9 кун кетарди, ҳозир касаллар 4-5 кун ичида соғаймоқда. Россияда 60 фоиз беморлар омикрон билан, 40 фоизи эса дельта штамми билан касалланмоқда. Бизда ҳам касалланишлар сони шу рақамларга яқин бўлиши мумкин», — деди шифохона раҳбари.

Фото: «Дарё»/ Дилруҳ Исомиддинова

Дониёр Миразимовнинг сўзларига кўра, грипп ва омикрон белгилари бир-бирига ўхшаб кетади. Коронавируснинг дельта штамми юққан беморларда таъм ва ҳид билиш йўқолар эди. Омикронда эса бу аломатлар кузатилмаяпти. Яна бир фарқи дельта юқтирган касалларда кўпинча ўпка зарарланиб, пневмония бўлади. Омикрон билан касалланган беморларни аксарият ҳолларда томоқ ва бурун безовта қилмоқда.

Касалликни ўпкага тушиш ҳолатлари кам. Омикрон асосий хавф гуруҳи бўлган катта ёшлилар, айниқса, вакцина олмаганлар, сурункали касалликлари бор ва иммунитети паст беморларга оғир таъсир қилади.

Дониёр Миразимов, Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори

«Уларнинг кўпчилиги вакцина олмаган»

Зангиота-2 махсус касалхонаси бўлим мудири Нозима Аъзамхўжаева коронавирусга қарши эмланган ва эмланмаган беморлар бўйича доимий статистика юритилишини маълум қилди. Билдирилишича, вакцина олганлар ичида оғирлашиш ҳолатлари жуда кам учрамоқда.

Нозима Аъзамхўжаева

Фото: «Дарё»/ Дилруҳ Исомиддинова

Реанимацион беморлар статистикасини кўрадиган бўлсак, вакцина олмаганлар кўпчиликни ташкил этади. Омикрон билан оғриган аксарият беморларда тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, ҳолсизлик, танада оғриқлар пайдо бўлиши кузатилади. Лекин вакцина олганларда бу белгилар тез йўқолади. Беморлар ўрта оғир аҳволда келганда, қанд касали бўлганда, хирургик муаммолар ва коронавирус аниқланганда касалхонага ётқизилади. Хусусан, ўрта оғир даражада баҳоланган нафас етишмовчилиги бор, бир неча кундан бери ҳарорати тушмаётган ёки ўпкада ўзгаришлар сабабли пневмония юзага келган касаллар шифохонада даволанади. Шифохонамизда касаллик оғир даражада кечаётган беморлар ҳам мавжуд. Уларнинг кўпчилиги вакцина олмаган ёки шамоллаш вақтида эмланган.

Нозима Аъзамхўжаева,  Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси бўлим мудири

Бемор Маъмура Турсунова касаллик ўзида анча енгил кечганини айтди.

Фото: «Дарё»/ Дилруҳ Исомиддинова

«Касалхонага келганимда иситма ва йўтал бор эди. 3 кун ичида аҳволим анча яхшиланди. Нонушта, тушлик ва кечки овқат беришяпти. Дорилар ҳам касалхона ҳисобидан экан. Вакцина олганман. Қанд касалим бор», — деди Маъмура Турсунова.

Илҳом Мамаюсупов.

Фото: «Дарё»/ Дилруҳ Исомиддинова

Реанимация бўлими мудири Илҳом Мамаюсуповнинг айтишича, бўлимда 34 нафар бемор даволаняпти.

Бўлим 36 нафар оғир реанимацион касалларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Ҳозирда бўлим беморлар билан деярли тўлган. Уларнинг асосий қисми оғир ва ўта оғир бўлган, реанимация чора-тадбирларига муҳтож беморлар ҳисобланади. Беморларнинг кўпчилигида коронавирус инфекциясидан ташқари, уларнинг аҳволларини оғир бўлиб қолишига сурункали касалликлар, ҳар хил ўсма касалликлари, инсульт, жигар сиррози, ёшга боғлиқ бўлган бошқа касалликлар сабаб бўлмоқда.

Илҳом Мамаюсупов, Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлими мудири

Унинг қўшимча қилишича, вакцина олмаган беморларнинг кўпчилиги эмланиш фойда беришига ишонмаган. Айни вақтда эса улар бундан афсусда.

«Мени ўлади дейишган эди»

Реанимация бўлимида бир ҳафтадан бери муолажа олаётган Муҳаббат Нишонбоева коронавирус унда оғир кечгани, аҳволи ёмонлигидан ҳатто ўлиши ҳақида огоҳлантиришганини айтди.

Худога шукр! Келганимдаги ҳолатимдан 100 чандон яхшиман. Мени ўлади дейишган эди. Уйга ҳам жавоб бериб юборишганди. Одамлар вакцина ёмонлигини айтиб, мени роса қўрқитишган. Шу сабабли вакцина олмаганман. Биз томонида коронавирусни мохов касалига ўхшатишади. Бу касалга чалинган одам бўлса, мохов деб билишади. Қариндош-уруғ ҳам касал одамни кўргани келмайди, хабар ҳам олмайди.

Муҳаббат Нишонбоева, бемор

Шифокорлар аҳолига мурожаат қилиб, ортиқча ваҳимага ўрин йўқлиги, вакцина олмаганлар эмланишлари кераклиги, барча инсонлар гигиена қоидаларига мунтазам амал қилиши зарурлигини таъкидлади. Яхши овқатланиш, ниқоб тақиш, антисептик воситалардан фойдаланиш, одамлар гавжум жойлардан узоқда бўлиш коронавирус юқишидан сақловчи муҳим омиллар эканини айтди.

Муаллифлар: Мусулмонбек Иброҳимов, Исломбек Умаралиев

Операторлар: Маъмуржон Обраҳматов, Дилруҳ Исомиддинова